Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
3 сотих ердан 90 миллион сўм даромад олиш мумкинми? (+видео)
09:52 / 2024-04-28

Бошқалар балки бундан кўп ёки кам даромад олаётгандир, лекин оқдарёлик томорқачиларнинг дастлабки натижаси шундай.

Туманнинг Амир Темур маҳалласидаги 1332 хонадон тасарруфида 160 гектар ер майдони мавжуд. Ҳудудда иссиқхона хўжалиги, картошкачилик яхши ривожланган. Ҳозир очиқ майдонда ҳам деҳқончилик юмушлари бошланган, лекин маҳалладаги аксарият хонадонлар исссиқхонасида помидор етиштирилмоқда.

– 3 сотих ерда иссиқхона ташкил қилганимизга ўн йилдан ошди, – дейди Ҳасан бобо Нусратов. – Икки йилдан буён эрта баҳорда помидор экяпмиз. Меҳнати бироз кўп бўлса-да, даромади яхши. Бундан кейин бодиринг эксак, кеч кузда турли кўкатлар ва исмалоқ экиб, баҳоргача шундан даромад қиламиз. Йил давомида рўзғорни тебратиш учун шароит борда. Шу ернинг ўзидан йилига 90 миллон сўмгача даромад оламиз. Меҳнат қилган одам роҳатини кўради.

Маҳаллада иссиқхона қуриб, рўзғорини обод қилаётганларни кўрганлар уларга ҳавас қилиб, шу иш бошини тутмоқда. Масалан, Бахтиёр Тошпўлатов жорий йилда хонадонидаги 6 сотих ерда иссиқхона қурди ва ҳозирда илк ниҳолларни парваришламоқда.

– Қишлоғимизда кўпчилик иссиқхона ташкил қилган ва асосий даромади шу иш ортидан, – дейди Бахтиёр Тошпўлатов. – Уларга қизиқиб, биз ҳам хонадонимизда иссиқхона қурдик. Бугунги кунда 2 минг тупдан ортиқ помидор парваришлаяпмиз. Ниҳолларимизга ҳосилга кирди. Тез кунда дастлабки ҳосилни бозорга чиқарамиз. Меҳнатимизга яраша даромад кутяпмиз.

[gallery-17152]

Зарафшон маҳалласида ҳам аҳоли ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланишга ҳаракат қилади. Ҳудуддаги хонадонларнинг деярли барчасида иссиқхона ташкил қилинган ва улар асосан, бодринг етиштиради.

– Ўн йил бўлди иссиқхона ташкил қилганимга, шу 13 сотих ердан йилига уч марта экин экиб оламан, – дейди томорқа ер эгаси Авазхон Шукуров. – Яратганга шукур оиламиздаги ҳамма қишин-ёзин иш билан банд. Иссиқхонамиз табиий иссиқликка мўлжалланган. Эрта баҳорда бодиринг экамиз, кейин турли кўкатлар етиштирамиз. Қишда пиёз, саримсоқ пиёз ва исмалоқ сотамиз. Ҳалол меҳнат қилиб, рўзғоримизни обод қиляпмиз.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/3DJaWVSuIC8" title="3 sotix yerdan 90 million soʻm daromad olish mumkinmi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Шу маҳаллада яшовчи Мавжуда Мухторова хонадонида ҳам худди шундай иссиқхона мавжуд ва оила аъзолари ризқни иссиқхонадан топмоқда. 

– 5,5 сотих ерда иссиқхона ташкил қилиб, рўзғоримиз тўкин-сочин бўлиб қолди, - дейди Мавжуда Мухторова. – Иссиқхонадан йил давомида фойдаланса бўларкан. Эрта баҳор бодиринг экиб 30-40 миллион сўм даромад қиламиз. Ундан кейин маккажўхори экамиз. Кеч кузда исмалоқ экиб, эрта баҳоргача исмалоқ сотамиз. Йил давомида томорқа бизни боқади. Меҳнатимиз орқасидан орзу-ҳавасимизга етишаяпмиз.

Туман фермерлар кенгашининг маълумотларига кўра, бугунги кунда Оқдарёда аҳоли хонадонларида умумий майдони 436 гектардан иборат 3000 тадан ортиқ иссиқхона мавжуд ва бу йил яна 841 та иссиқхона қуриш режалаштирилган. Апрель ойининг ўзида хонадонларда 78 та иссиқхона ташкил этилди.  

32 маҳалла “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойилига асосан ихтисослашиб, асосан сабзавот ва картошкачилик, мева-боғдорчилик йўналишларида маҳсулот тайёрланмоқда. Ҳар бир секторида аҳоли хонадонларига хизмат кўрсатадиган “Томорқа таъминот хизмати” масъулияти чекланган жамиятлари ташкил қилинган.

– Туманимиздаги 35 та маҳалла фуқаролар йиғинида 4 минг 47 гектар томорқа ер майдони мавжуд, – дейди Оқдарё туман фермерлар кенгаши бош мутахассиси Фурқат Алиқулов. – Томорқа ер эгалари ўртасида ердан самарали фойдаланиш кўрсаткичи йил сайин ортиб бормоқда. Бугунги кунгача туманимиздаги барча хонадонларда баҳорги экин экиш ишлари деярли юз фоизга бажарилди. Бизда сабзавотчилик, мева-боғдорчилик ва картошкачилик ривожланган. Бугунги кунда “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида амалга оширилаётган ишлар самарасини бермоқда. Айни пайтда фуқароларимизга томорқадан самарали фойдаланишни тушунтиришга зарурат ҳам қолмади. Ҳамма ўзи бу ишга жиддий киришган. Масалан, Зарафшон маҳалласининг Дўимсаид қишлоғида бугун деярли ҳар бир хонадонда иссиқхона ташкил этилиб, бодиринг етиштирилмоқда. Амир Темур маҳалласида ҳам иссиқхона хўжалиги ривожланиб, улар помидор етиштиришга ихтисослашмоқда. Қишлоқда бир киши фойдали ишни бошласа, ўз-ўзидан бошқалар ҳам унга эргашади ва “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили амалиётга кўчади. Одамлар бугун ер билан тиллашишни ўрганди. Энди уларнинг фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни кўрсак бўлди. Шу асосда аҳоли томорқаларида етиштирилган маҳсулотларнинг сотувини ташкил этиш борасида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Айни пайтда туманимизда 9 та экспортёр корхона ташкил қилинган. Улар аҳоли томорқаларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташқи бозорга етказади.

Ҳозир экспортчи корхоналар томорқада етиштирилган ҳосилни сотиб олиш бўйича аҳоли билан шартнома имзоламоқда. Бу жараён ҳам маҳалла фуқаролар йиғини бошчилигида амалга оширилмоқда. Шу пайтгача 32 мингдан ортиқ шартнома рўйхатга олиниб, маҳсулот етиштирувчи ва сотиб олувчи муносабатлари ҳуқуқий тартибга солинди.  

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (видео), ЎзА мухбирлари