Cир эмас, бугун дунёда инглиз тилининг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Тадқиқотчиларнинг фикрича, 90 та давлатда инглиз тили иккинчи тил сифатида нуфузга эга. Мамлакатимизда ҳам бу тилни ўрганишга бўлган интилиш, иштиёқ баланд. Эндиликда тил ўрганмоқчи бўлганларнинг билим даражасини аниқлашнинг энг кенг тарқалган тури эса бу — IELTS ҳисобланади.
IELTS инглиз тилидан билим даражасини баҳолашнинг халқаро тизимидир. Маълумки, хорижда ва мамлакатимизда яхши меҳнат шароитига эга бўлиш ёки чет элда ўқиш учун IELTS сертификатини олиш жуда муҳим саналади.
Хўш, IELTS сертификатига эга бўлиш учун қанча вақт талаб этилади деб ўйлайсиз? Эътибор берсангиз, кейинги пайтларда турли хил шов-шувли – “40 кунда IELTS 6+”, “3 ойда IELTS 7+”, “Тез ва ишончли IELTS 8” каби тил ўрганишга қизиқувчиларни чорловчи эълонларга кўзингиз тушади. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин? Шу ва шунга ўхшаш саволлар кўпчилик ўқувчиларни, айниқса, ёшларни қизиқтирса керак.

Инглиз тили фани бўйича яхшигина малакага эга, “IELTS 8+” натижасини қўлга киритган, Тошкент шаҳар “EVEREST” ўқув марказининг инглиз тили ўқитувчиси Моҳинур Абжалилова билан айнан шу мавзуда суҳбатлашдик.
– Сизнингча, тил ўрганишни энди бошлаган ўқувчи IELTSда қониқарли даражага эга бўлиши учун қанча вақт талаб қилинади?
– Аслини оладиган бўлсак, инглиз тилини “ноль”дан ўрганишни бошлаган ўқувчининг қониқарли баҳо олиши учун қатъий белгиланган бирор-бир муддат йўқ. Лекин тилни сифатли ўқиш, белгиланган дарсликларни ўрганиш, бу тилда маълум даражага кўтарилиш учун бир, бир ярим йил яхши муддат. Лекин бу ҳаммага ҳам тўғри келмаслиги мумкин. Чунки кимдадир тилни тезроқ ўзлаштиришга қобилияти юқори бўлади, кимдадир эса аксинча. Баъзилар маълумотларни жуда тез қабул қилади ва мавзуларни осонгина ўзлаштира олади. Баъзиларда эса бунинг акси. Хуллас, ҳамманинг маълумот олиши, уни ўзлаштириши ҳар хил бўлгани учун юқоридаги вақт 100 фоиз натижага эришиш мумкин бўлган муддат, дея олмаймиз. Бизнинг марказимиздаги бир ўқув курси ҳам бир ярим йил, аниқроғи, 1 йил-у 3 ойни ташкил қилади. Ўша вақт ичида ўқувчи яхши натижага эриша олиши мумкин. Аммо бир гуруҳ ичида шу вақт мобайнида бирга ўқиб юриб паст натижага эришувчи ўқувчилар ҳам бор. Демак, ҳаммаси ўқувчининг ҳаракатига ва қизиқишига ҳам боғлиқ.
– “3 ойда IELTS 7+” ваъда қилаётган эълонларга қандай қарайсиз? Ҳақиқатда ҳам IELTS’дан хабари бўлмаган ўқувчи 3 ойда IELTS 7+ сертификатини олиши мумкинми?
– Ҳозир интернет ёки кўча-кўйдаги эълон пештахталарида яққол кўзга ташланувчи “3 ойда IELTS 7+”, “40 кунда IELTS 6+” каби рекламаларга эътибор қилмай қўйганимга анча бўлган, тўғрисини айтсам. Лекин афсуски, шунақа эълонларнинг тарқалгани сабабли одамлар орасида нотўғри тушунчалар пайдо бўлади. “Демак бу осон нарса эканда, шунақа деб ёзиб қўйишибдику”, каби. Чунки шу каби эълонларни кўрадиган ҳар бир одам бу йўналиш бўйича етарлича тушунчага эга бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун ҳам ҳамма бунга реал кўз билан қаролмайди. Лекин бу реклама IELTS дан умуман хабари бўлмаган одам учун ҳақиқатга тўғри келмайдиган гап.
Бунда, аввало, IELTS ўзи нима деган савол туғилиши табиий. IELTS бу – (International English Language Testing System), яъни инглиз тилини билиш даражасини текширувчи тизим. Ўқувчининг билим даражасини аниқлаб берадиган ҳужжат. Бу сертификат ҳозирги кунда анча оммалашди. Чунки бу ўқишда ва ходимларнинг иш жойида каттагина имтиёз яратиб бера олади.
Инглиз тилини ўрганишда муайян босқичлар мавжуд. Булар инглизча номларда:
1. Beginner;
2. Elementary;
3. Pre-Intermediate;
4. Intermediate;
5. Upper-Intermediate;
6. Advanced кабилар. Инглиз тилини ўрганувчилар учун ишлаб чиқилган босқичлар шулар. Умумий инглиз тили, яъни “General English”да айтиб ўтилган даражалардан ўтиш керак. Бунинг ичига сўзлар, грамматик қоидалар ҳар бир босқичда ўқувчининг билим даражасига мос ҳолда ўрганилади.
Аслида IELTS тузилишини, структура қурилишини ўрганишни бошлаш маъқул бўлган даража Intermediate ва Upper-Intermediate даражалари ҳисобланади. Ўша даражада IELTS топшириш учун тайёрланишда мантиқ бор. Қанчалик умумий инглиз тилини билиш даражаси юқори бўлса, IELTSда юқори даража олиш шунчалик кафолатланади. Юқорида қисқа муддатда IELTS сертификатини ваъда қилаётган ўқув марказларининг асл “мақсади”ни бориб суриштирадиган бўлсак, кўпинча бу одамлар ўртасида қизиқиш уйғотувчи “жозибадор реклама” бўлиб чиқади.
Савияли ўқув марказлари, аввало, бунақа рекламалар ваъда қилмайди. Чунки тил ўрганишга қанча вақт кетиб, қандай босқичлардан иборат бўлишини сифатли таълим беришни ўзига мақсад қилиб қўйган ўқув марказлар билишади. IELTS’да катта имкониятларни берувчи даражалардан бири “7” лигини ҳисобга оладиган бўлсак, ўша даража билан мижозларни ўзига жалб қилади. Танганинг икки томони бўлгани каби бу эълонларнинг ҳам тагида маълум талаблар бор. Нисбатан яхшироқ ўқув марказлари бўлса, албатта. Агар сизнинг умумий инглиз тилини билиш даражангиз бўлса, юқоридаги Elementary, Intermediate, Upper-Intermediate каби босқичларда яхшигина база мавжуд бўлса, ваъда қилинган муддат ичида сизга IELTS тузилишини, IELTS имтиҳони структураларини ўргатиб беришлари мумкин. Лекин бу каби эълонларни кўриб, ҳали IELTS’дан хабари бўлмаган ўқувчи “Мен қисқа муддат ичида IELTS олишим мумкин. Бу жуда осон экан” деган нотўғри фикрга бориб қолади. Аслида эса умуман бундай эмас!
— Мустақил IELTS ўрганмоқчи бўлганларга қандай йўл-йўриқлар берган бўлардингиз?
— Мустақил IELTS ўрганмоқчи бўлганларга, аввало, General English (умумий инглиз тили даражаси)ни яхшилаб кўтариб олишини маслаҳат берардим. Аввало, кунлик режа тузиб, IELTS билан шуғулланишни шу режанинг бир қисмига айлантириш зарур. Бир кун дарс қилиб, бир кун ташлаб қўйса, ўсиш бўлмайди. Ўқувчи ишончли ресурслардан фойдаланиши зарур. Расмий IELTS билан боғлиқ бўлган “Cambridge”, “British Council” каби сайтлардан маълумот олиш мумкин. IELTS топширган танишлари билан маслаҳатлашиб ҳар куни speaking (сўзлашув) билан шуғулланиш керак. IELTSда reading (ўқиш), writing (ёзув), speaking (сўзлашув), listening (эшитиш)да бир хилда ишлаши керак. Қайси бирида ўсиш кўпроқ бўлса, ўшанисига урғу бериб, қолганларини четга суриб қўйиш бўлмайди.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
суҳбатлашди