Бугун – 18 март куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида стол тенниси бўйича "WTT Contender Doha 2022" турнири старт олади.
Мазкур нуфузли мусобақада ўзбекистонлик кичик ракетка усталари Зоҳид Кенжаев, Элмурод Холиқов ва Роза Хожиевадан иборат терма жамоамиз аъзолари иштирок этишмоқда, дея хабар тарқатди Ўзбекистон стол тенниси федерацияси.
Хабарда айтилишича, бир неча кун муқаддам Қатар пойтахтида "Feeder" турнири ўтказилиб, унда вакилларимиз иштирок этишганди. Аммо илк саралаш баҳсларида омад улардан юз ўгирганди.
"WTT Contender Doha 2022" турнирига ташланган қуръага кўра, терма жамоамиз аъзоларининг дастлабки босқичдаги рақиблари қўйидагича кўриниш олди:
Зоҳид Кенжаев гонконглик жаҳон рейтингида 206-ўринни эгаллаб турган Ли Хонг Мингга қарши баҳс юритса, Элмурод Холиқов рейтингда 380-ўринда қайд этилган Аҳмад Саадави билан, Роза Хожиева эса ҳиндистонлик Свастика Гош билан баҳслашади.
Ҳамюртларимизнинг ўйинлари кун давомида бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, Кенжаев жаҳон рейтингида 123-ўринда, Элмурод Ҳолиқов 504-ўринда ҳамда Роза Ходжаева аёллар таснифида 368-қатордан жой олиб туришибди.
ЎзА