Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
3-Мис бойитиш фабрикаси – янги индустриал тараққиёт сари қадам
18:48 / 2025-10-24

ОКМК таркибидаги 3-Мис бойитиш фабрикаси қурилиш лойиҳаси жаҳоннинг энг илғор технологиялари ва юқори сифат стандартларини қўллаган ҳолда амалга оширилди. Мазкур фабрикада амалга оширилаётган иш жараёнлари билан таништириш мақсадида ОАВ вакиллари учун “3-Мис бойитиш фабрикаси – янги индустриал тараққиёт сари қадам” мавзусидаги пресс-тур ўтказилди.

Дастлаб журналистлар Марказий диспетчерлик бошқарув пункти фаолият билан танишди. “3-МБФ – янги саноат ғалабаси” номли фильм намойиш этилди. Унда фабрикада шу кунгача олиб борилган бунёдкорлик ишлари акс этган. 

Маълумки, 2021 йил 29 июль куни Президентимиз Олмалиқ кон-металлургия комбинати негизида рангли ва қимматбаҳо металларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасидаги ишлар билан танишган эди. Ташриф доирасида мамлакатимиз кон саноатидаги энг йирик бўлган “Ёшлик I” конини ўзлаштириш лойиҳаси доирасида янги қувват 3-Мис бойитиш фабрикасига тамал тош қўйилди.

Дунёдаги энг йирик кон-металлургия саноати мажмуалари қаторидаги мазкур лойиҳа шиддат билан амалга оширилди. Ушбу фабрикани ишга туширилиши жаҳон бозоридаги мис нархининг ўсиш тенденцияларидан самарали фойдаланиш, Ўзбекистоннинг экспорт даромадларини кўпайтириш, маҳаллий ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш ва миллий иқтисодиётда “мис кластери”ни тизимли ривожлантиришга хизмат қилади.

[gallery-25912]

– Йилига 60 миллион тонна маъданни қайта ишлаш қувватига эга 3-МБФ нафақат мамлакатимиз, балки бутун Марказий Осиёдаги энг йирик мис ишлаб чиқарувчи мажмуа бўлиши кутилмоқда, – дейди 3-Мисни бойитиш  фабрикаси бош муҳандиси Исмоилхон Ваҳобов. – Фабрика йилига 900 минг тоннага яқин мис концентрати ишлаб чиқаради. Жорий йилнинг 30 март куни фабрикада илк мис концентрати муваффақиятли ишлаб чиқарилиши  лойиҳанинг босқичма-босқич ва юқори сифат билан амалга оширилаётганининг ёрқин исботидир. Ҳозирги вақтда “Ёшлик I” конидан қазиб олинган 1,3 миллион тоннадан ортиқ маъдан дастлаб кон ҳудудида майдалаш жараёнидан ўтказилиб, фабрикага етказилди. Натижада 17 минг тоннадан зиёд мис концентрати ишлаб чиқарилиб, мис эритиш заводига юборилди. Фабриканинг ютуғи фақат ишлаб чиқариш ҳажмида эмас, балки жаҳоннинг етакчи саноат компаниялари технологиялари, автоматлаштириш тизимлари ва рақамли бошқарув ечимларининг ягона занжирда мужассамлашганида намоён бўлади. 

Пресс-турда мутахассислар томонидан журналистларга фабрика ҳудудидаги йирик майдаланган маъдан омборига (СКДР) марказий конвейер орқали маъдан қабул қилиш жараёни кўрсатилди. Шунингдек, жараёнда майдалаш цехи ўрта майдалаш корпуси, майин майдалаш корпуси, маъданни тайёрлаш корпуси каби босқичма-босқич амалга оширилаётган иш тартибини кўрсатди. Айниқса, флотациялаш жараёни ва ярим тайёр бойитмани вертикал бисер тегирмонларида янчиш барчада катта таассурот қолдирди. 

Қайд этиш лозимки, бу фабрика дунё тоғ-кон саноатининг энг илғор техника ва инновацияларини ўз ичига олган мажмуа бўлиб, Ўзбекистонни глобал саноат харитасида янги босқичга олиб чиқмоқда. Биргина мисол денгиз сатҳидан 665 метр юқорида жойлашган йирик майдаланган маъдан  омбори 320 минг тонна сиғимга эга. Унга  Ёшлик-1 конидан рудалар махсус ленталар орқали келтирилади. Мазкур мажмуа 50 фоиз ишга туширилган.

– Энергия сарфи, руда сарфи, сув таъминоти ва ёрдамчи участкалар фаолияти бўйича маълумотлар ягона экранда намоён бўлади, – дейди 3-МБФ сектор бошлиғи Акмалжон  Жамолиддинов. – Тизим ишлаб чиқаришнинг барча босқичларини автоматик режимда бошқаради ва минтақада ягона шундай лойиҳа ҳисобланади. 

Мутахассисларнинг таъкидлашича, фабрика тўлиқ қувватга чиққач, 3 минг 670 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Ҳозирда 1 минг 250 нафар ходим фаолият юритмоқда. Шундан 301 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Уларнинг кўпчилиги 35 ёшгача бўлган ёш мутахассислар бўлиб, “Муҳандислар мактаби” ва “Олмалиқ КМК” таркибий бўлинмаларида амалиёт ва малака ошириш курсларини ўтамоқда.

Пресс-тур давомида ОАВ вакиллари соҳа мутахассисларидан ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди. 

А.Мусаев, ЎзА.