Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ерларининг сифатини яхшилаш, янги экин майдонларини ўзлаштириш борасида олиб борилаётган тизимли ишларга қарамасдан ерлардан хўжасизларча фойдаланиш, ноқонуний ер ажратиш, уни сотиш, рухсатсиз қурилишларни амалга ошириш ҳамда ер участкаларини давлат рўйхатидан ўтказмаслик билан боғлиқ ҳолатлар кўплаб аниқланмоқда.
Жумладан, ўтган даврда 3 минг 38 гектар ер майдонларида ноқонуний ҳолатлар аниқланиб, ҳокимликлар ва прокуратура органларига 66 та маълумотнома киритилган.
Қишлоқ хўжалиги ер майдонларида ўтказилган мониторингларда 181 та ҳолатда 295 гектар ер майдонларида ноқонуний ҳолатлар аниқланган. Шунингдек, мониторинглар натижасида 17 минг 576 та ҳолатда 138 минг 22 гектар ер майдонларида режалаштирилган қишлоқ хўжалиги экинларини экмаслик, бошқа экинлар экиш ҳамда рухсатсиз боғлар барпо этиш ҳолатлари аниқланган. Мазкур ҳолатларни бартараф этиш юзасидан ҳокимликлар, прокуратура органларига 126 та ахборотнома, маълумотнома ҳамда тақдимномалар киритилган.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида айтиб ўтилди. Унда депутатлар Қишлоқ хўжалиги, Сув хўжалиги вазирликлари ҳамда Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш Концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг бажарилиши тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.
– Сўнгги йилларда ер ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди, янги механизмлар амалиётга татбиқ этилди, – деди Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Равшан Мамутов. – Хусусан, Президентимизнинг “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳада муҳим асослардан бири бўлиб келмоқда. Бугунги кунда ирригация ва мелиорация ҳолати ёмонлашуви натижасида фойдаланишдан чиқиб кетган ерларни босқичма-босқич қайта фойдаланишга киритиш, ер ости сув захираларидан самарали фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича тизимли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ерлари деградациясининг олдини олиш ва уни кескин камайтириш ҳисобига тупроқ унумдорлигини ошириш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Йиғилишда таъкидланганидек, юртимизнинг 93 та шўрланишга мойил бўлган туманларидаги 2 минг 419 минг гектар суғориладиган ер майдонларида шўрланиш харитограммаларини тузиш ишлари бажарилди. 2 минг 419 минг гектар суғориладиган ер майдонларининг 1 743,6 минг гектари турли даражада шўрланган, шундан 930 минг гектари кучсиз, 550,5 минг гектари ўрта, 149,5 минг гектари кучли ва 113,6 минг гектари жуда кучли шўрланган.
Президент фармони доирасида Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришга яроқли бўлган ер ости сувлари захирасини аниқлаш учун 2020 йилда 10 та лойиҳа доирасида 5,8 миллиард сўм, 2021 йилда 11 та лойиҳа доирасида 19,4 миллиард сўм маблағлар ўзлаштирилган.
2022 йилда 11 та вилоятни қамраб олувчи 1 та лойиҳа доирасида 28,7 миллиард сўм белгиланган бўлиб, жорий йил 1 август ҳолатига 17,8 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилган. Шунингдек, тупроқ эрозияси ва деградацияси, шамол ва гармселдан муҳофаза қилиш мақсадида 2019-2021 йилларда жами 609 минг гектар майдонда ўрмонзорлар барпо этилди. 2022 йил баҳор мавсумида 215 минг гектар майдонда ўрмонзорлар барпо этилди.
Депутатлар тақдим этилган ахборотлар юзасидан фикр-мулоҳаза ва таклиф-тавсияларини билдирди. Ҳар бир вазирлик ва идоралар ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратиши зарурлиги, ерларни муҳофаза қилиш ва зарарланишининг олдини олиш бўйича вақтида чораларни белгилаши бўйича таклифлар берилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА