Андижон шаҳар Оила ва хотин-қизлар бўлими томонидан жорий йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоби ҳамда келгуси йилга белгиланган вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда ҳамкор ташкилотлар вакиллари, “Оқила аёллар” ҳаракати фаоллари, отинойилар, маҳалла фуқаролар йиғинларида иш олиб бораётган хотин-қизлар фаоллари иштирок этди. Унда мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, жамият ва оиладаги нуфузини ошириш, уларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, мазкур жараёнларда Оила ва хотин-қизлар бўлимларининг ўрни, роли муҳим эканлиги таъкидланди. Бу борада Андижон шаҳрида амалга оширилган ишлар таҳлил этилди.
Йиғилишда Андижон шаҳар ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари Наргиза Деҳқонованинг бўлим томонидан жорий йилда амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботи тингланди.
– Йил бошидаги ўрганишлар асосида шаҳардаги мавжуд 94 та маҳаллада 10 минг 50 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”га киритилди, – дейди Наргиза Деҳқонова. – Улар тасдиқланган рўйхатлар бўйича 6 тоифага ажратилиб, тизимли ишлар олиб борилди. Натижада бугунги кунга келиб дафтарга киритилган опа-сингилларимизнинг барчасига зарур ёрдамлар кўрсатилди.
Жумладан, 3 минг 201 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Уларнинг 751 нафари доимий ишга жойлаштирилди, 261 нафари вақтинчалик ишларга жалб этилди, 1 минг 946 нафари касб-ҳунарга ўқитилди. Шундан 260 нафар хотин-қизга уй шароитида ўзини ўзи банд қилишга кўмаклашиш учун субсидия асосида тикув машинаси, 50 нафарига инкубация ускуналари берилди.
Шунингдек, йиғилишда хотин-қизлар фаолларининг ҳамкор ташкилотлар, маҳалла еттилиги вакиллари билан биргаликда аёллар мурожаатлари билан ишлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, оилаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллий қадриятларимизни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг муаммолари, хусусан, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка йўналтириш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилганлиги қайд этилди.
Йиғилишда иштирокчилар томонидан мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, сифати ва самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, келгуси йилда амалга ошириладиган асосий вазифалар бўйича режалар белгилаб олинди.
Якунда жорий йил давомида самарали ва намунали иш олиб борган бир гуруҳ ҳамкор ташкилотлар вакиллари, отинойи, “Оқила аёллар” ҳаракати ҳамда хотин-қизлар фаоллари Андижон шаҳар ҳокимининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари