Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
3 миллиард 76 миллион сўмлик маҳсулотларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди
16:03 / 2020-04-11

Мамлакатнинг иқтисодий барқарорлиги, молиявий ўсиш суратлари кўп жиҳатдан унинг ташқи савдо айланмаси ҳамда жаҳон бозорларига интеграцияси даражаси билан белгиланади.


Мамлакатнинг иқтисодий барқарорлиги, молиявий ўсиш суратлари кўп жиҳатдан унинг ташқи савдо айланмаси ҳамда жаҳон бозорларига интеграцияси даражаси билан белгиланади. Юртимизда давлат раҳбаримиз раҳнамолигида олиб борилаётган сиёсат ва амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимиз экспорт салоҳиятини юксалтириш баробарида, импортни оптималлаштириш, камбағалликни қисқартириш, ишлаб чиқариш ҳажмини жаҳон бозорларида харидоргир бўладиган рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш эвазига ортишига тўла замин яратмоқда.

Дунё миқёсида жадал суратларда тарқалиб, инсоният ҳаётига таҳдид солаётган коронавирус пандемияси шароитида божхона органлари зиммасига юклатилган вазифаларни янада масъулият ва эҳтиёткорлик билан тезкор тартибда амалга оширишлари талаб этилмоқда.

– Хусусан, жорий йилнинг биринчи чорагида божхона тўловларидан давлат бюджетига 41 миллиард 66 миллион сўм миқдоридаги пул маблағи ўтказилган, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, божхона хизмати полковниги И.Казаков. – Ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари ҳамда тадбиркорлик субъетларини қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсати натижасида қабул қилинган қонун ҳужжатларига кўра бошқарма томонидан расмийлаштирилган товарларга йил бошидан жами 59 миллиард 617 миллион сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилди.

Шундан январ-март ойларида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича товарлар ташқи савдо айланмаси 117,2 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бошқарма Ташқи иқтисодий фаолият постлари орқали экспорт қилинган товарларнинг асосий салмоғи “Пластмассадан ясалган буюмлар (полиэтилен)”, “Ип-калава”, “Калцийлаштирилган сода”, “Пахта толаси”, “Қизилмия экстракти” ва бошқа товарларга тўғри келса, импорт ҳажмини эса “Дастгоҳ ва асбоб-ускуналар”, “Ёғоч ва тахта маҳсулотлари”, “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари”, “Кимё саноати маҳсулотлари”, “Минерал ўғитлар”, “Озиқ-овқат маҳсулотлари” каби товарлар ташкил этди.

Биринчи чорак давомида божхона бошқармасида импортга расмийлаштирилган истеъмол товарлари 6,1 миллион АҚШ долларини ёки жами импорт ҳажмининг 19,9 фоизини ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 54,1 минг АҚШ долларига ёки 0,9 фоизга кўпайган.

Бошқармада йил бошидан жами 5 минг 344 дона божхона юк декларацияси расмийлаштирилган бўлиб, шундан, 3 минг

686 донаси экспортни ташкил этади. Бу кўрсаткич 2019 йилга

нисбатан 806 донага ёки 28 фоизга кўпайган. Импортга эса расмийлаштирилган божхона юк декларацияси 1 минг 658 донани ташкил этти. Импортни оптималлаштириш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар натижасида ушбу кўрсаткич 2019 йилга нисбатан 1 минг 957 донага ёки 54,1 фоизга камайган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги “Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, божхонада Хавфни бошқариш автоматлаштирилган тизими тўлиқ режимда жорий этилди. Унга кўра, 2018 йил 1 декабрдан бошлаб, “сариқ” ва “қизил” йўлаклар, 2019 йил 1 мартдан бошлаб эса “яшил” ва “кўк” йўлаклар ишга туширилди.

2020 йил январь-март ойларида хавфни бошқариш тизими асосида бошқармага қарашли Ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари томонидан жами 5346 та, шундан “яшил” йўлак орқали – 3474 та, “сариқ” йўлак орқали – 965 та, “қизил” йўлак орқали – 907 та божхона юк декларацияси расмийлаштирилган. Мазкур давр оралиғида “кўк” йўлак орқали божхона расмийлаштируви амалга оширилмаган. Бундан кўриниб турибдики, божхона органларида хавфни бошқариш тизимининг жорий этилиши ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг вақтлари ва ортиқча харажатларининг тежалиб, иш самарадорлигининг ортишида катта омил бўлмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида суриштирув ва амалий маъмуриятчилик соҳасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилиб, ҳуқуқбузарлик профилактикаси ва божхона қонун бузилишига қарши самарали ишлар амалга оширилди. Таъкидлаш жоизки, йил бошидан жами 240 та ҳолатда 3 миллиард 76 миллион сўмдан зиёд товар-моддий бойликларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

Аниқланган божхона қонун бузилиш ҳолатларидан 6 та ҳолатда тегишли моддалар билан жиноят иши қўзғатилди. Шунингдек, бошқарма томонидан ҳисобот даврида жами 3 та ҳолатда 321,26 гр гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди, психотроп модда ҳисобланувчи жами 220 дона таблетка манзилига етмасдан тўхтатилди.

Эпидемиологик вазият дея тан олинган бугунги шароитда мамлакатимизнинг иқтисодий барқарорлиги, аҳолининг чет давлатлардан келтириладиган маҳсулотларга бўлган талаби ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг таклифлари ўртасидаги мутаносибликни таъминлаш, шунингдек давлат бюджетига валюта тушумида асосий омил ҳисобланган маҳаллий маҳсулотларнинг жаҳон бозорларига етказиб берилиши − экспорт импорт операцияларининг узлуксиз, тезкорлик билан, тўсиқларсиз амалга оширилишига бевосита боғлиқ.

Ҳукуматимиз томонидан товарлар экспорти ва импорти учун чекловлар ўрнатилмаганлиги, божхона органлари томонидан товарларнинг расмийлаштируви куну тун режимида тезкорлик ва янада катта масъулият билан амалга оширилмоқда. Мамлакатимиз чегарасига кириб келган товарларнинг санитар-эпидемиологик дезинфекцияланишига катта эътибор қаратилаётганлиги аҳоли фаровонлиги, юрт тинчлиги ва мамлакатимизнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш йўлидаги эзгу хизматлардандир. Бугунги синовли кунларда бу борадаги хизматлар божхона ходимлари томонидан янада шижоат ва катта масъулият билан бажарилмоқда.