Ҳар йили 3 март санасида Бутунжаҳон ёввойи табиат куни кенг нишонланади. Бу сана 2013 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан расман эълон қилинган. Сана бежиз танланмаган — 1973 йил 3 март куни CITES (Йўқолиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдо тўғрисидаги конвенция) қабул қилинган.
Ҳар йили байрам маълум бир мавзу остида ўтказилади. Сўнгги йилларда мавзулар биологик хилма-хилликни тиклаш, ёшларнинг экологиядаги роли ва табиатни барқарор бошқариш каби йўналишларга қаратилган.
Маълумотларга кўра, Ер юзида бир миллионга яқин тур йўқолиб кетиш хавфи остида. Ёввойи табиат инсоният учун озиқ-овқат, дори-дармон ва иқтисодий ресурс манбаи ҳисобланади. Экотизимлар барқарорлиги эса иқлимни тартибга солади. Дейлик, ўрмонлар карбонат ангидридни ютиб, атмосферани кислород билан таъминласа, чанглатувчи ҳашаротлар (асаларилар) қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлигининг катта қисмини таъминлайди.

Бугунги экологик вазият она табиатни, ундаги фауна ва флорани асраб-авайлашни тақозо этмоқда. Бу борада кўплаб давлатларда миллий боғ ва қўриқхоналар ташкил этилган.
Жумладан, Ўзбекистонда ҳам бир қатор қўриқхоналар ва миллий боғлар мавжуд. Зомин миллий боғи, Чотқол биосфера қўриқхонаси, Сурхон давлат қўриқхонаси кабиларнинг ҳудудларида ноёб ҳайвонлар, жумладан қор барси, жайрон ва турли эндемик ўсимликлар муҳофаза қилинади.
Табиатни борлигича сақлаш, асраб-авайлаш, атроф-муҳитни чиқиндилар, турли ташламалар билан ифлослантирмаслик, дарахт экиш ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, инсоният онгу тафаккурида экологик маданиятни ошириш бугуннинг энг долзарб вазифасидир. Буларнинг барчаси ёввойи табиатни асрашга, келажак авлодларга яшилликни мерос қолдиришга ва энг муҳими, Ер сайёрасининг экологик мувозанатини муҳофаза қилишга замин бўлади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА