Ушбу сана бутун дунё бўйлаб кенг нишонланади. Бундан асосий мақсад ақлан ва жисмонан нуқсони бор замондошларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдир.
Бугун Пойтахтдаги “Tashkent City Mall” савдо-кўнгилочар марказида ҳам Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан билан қатор маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
Тадбир доирасида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тасарруфидаги махсус мактаблар, “Мурувват” интернат-мактаблари тарбияланувчилари, “Табассум” ижодий маркази, “Имкон” ўқув-реабилитация маркази, “Билим Макон” инновацион маркази, IIHUB – Халқаро инклюзив хаб каби муассасалар ўз ижодий ишлари, қўл меҳнати маҳсулотлари ва ўқувчиларнинг лойиҳаларини намойиш этди.
Кўргазмада ўқувчилар ва тарбияланувчилар томонидан яратилган қўл меҳнати буюмлари, рассомлик намуналари, декоратив маҳсулотлар, интеллектуал лойиҳалар ҳамда турли ижодий ишланмалар ташриф буюрувчилар эътиборига ҳавола қилинди.
— Кўргазмада иштирок этаётганимдан жуда хурсандман. Бу биз ёшлар учун ўз ижодимизни намойиш қилиш, янгича билим ва кўникмаларни ўрганиш имкониятидир, – деди Эъзоза Хайруллаева. – Кўргазмада тайёрлаган буюмларим билан иштирок этдим. Рассомлик ишлари ва декоратив маҳсулотлар, юмшоқ ўйинчоқлар ясаганман. Улар орқали ҳис-туйғуларим ва орзуларимни кўрсатишни истадим. Келгусида ўз ижодимни ривожлантириб, янги ишлар тайёрлашни, қўл меҳнатим ва ижодим орқали кишиларга қувонч улашишни мақсад қилганман.
[gallery-26538]
– Бугунги тадбирнинг асосий мақсади — ногиронлиги бўлган болалар ва ёшларнинг ижодкорлиги, салоҳиятини кенг жамоатчиликка намойиш этиш, уларнинг жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун янги имкониятлар яратишдир, — деди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи — матбуот котиби Дилфузабегим Рўзметова. – Ҳар бир лойиҳа ортида улкан меҳнат ва орзу-умидлар бор, энг муҳими, бу шахслар тенг ҳуқуқли фуқаролар сифатида доим эътиборда.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш ва уларни ижтимоийлаштириш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Ногиронликни баҳолашнинг янги тизими яратилди. ЖСТнинг (WHO) WHODAS шкаласи асосида инсоннинг кундалик ҳаётидаги фаоллиги ва функционаллигини баҳолаш амалиёти жорий этилди. “Inson” маркази, ижтимоий ходимлар, my.gov.uz портали ва оилавий шифокорлар орқали мурожаат қилиш имконияти яратилди. Натижада ойлик мурожаатлар 36 фоизга ортди.
Шунингдек, ногиронлик белгиланадиган касалликлар рўйхати 71 тадан 92 тага етказилди.
Автоматлаштирилган тизим орқали шаффофлик таъминланди: 18 ёшгача бўлган болалар ҳамда оғир гуруҳга мансуб фуқароларга ногиронлик белгилаш камайди, енгил гуруҳ (3-группа) белгилаш эса кўпайди.
Жорий йилда 6 920 та лойиҳа экспертизадан ўтказилиб, уларнинг 95 фоизига инклюзив талаблар киритилди. Шу билан бирга, 784 та овозли светофор ўрнатилди. 160 та кўчада пиёдалар йўлаклари қайта жиҳозланди. Протез ва реабилитация воситалари рўйхати 18 тадан 38 тага кенгайтирилди. “Ваучер тизими” жорий қилиниб, воситалар етказиб бериш муддати 60 кундан 14 кунга қисқартирилди.
2025 йилда 112 минг нафар киши протез ва реабилитация воситалари билан таъминланди.
Иқтисодий фаол ногиронлиги бўлган шахслар сони 72 мингдан 214 минг нафарга етди. Иш берувчилар учун “daw.ihma.uz” платформаси ишга туширилди.
643 та инклюзив гуруҳ болалар боғчаларида ташкил этилди. Умумий таълим мактабларида инклюзив синфлар сони 2,5 баробарга ортиб, 2,3 мингтага етди. 5 053 нафар бола инклюзив таълим билан қамраб олинди. 2,5 минг махсус педагог ва ассистент-педагоглар фаолияти йўлга қўйилди. 280 та мактабда тўсиқсиз муҳит, 680 та мактабда коррекцион хоналар барпо этилди.
Махсус мактабларда касб, тил ва спорт йўналишидаги 30 та лойиҳа орқали 950 нафар ўқувчи қамраб олинди.
Тадбир ижодий кўргазма билан чекланмай, ўзаро мулоқот ва тажриба алмашиш майдонига айланди. Ташриф буюрувчилар болалар ва ёшларнинг маҳсулотларини харид қилиш орқали маънавий ва моддий қўллаб-қувватлашга ҳам хизмат қилди.
Шаҳноза Маматуропова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА