Ҳар йили 3 декабрь санаси дунё миқёсида Халқаро ногиронлар куни сифатида нишонланади. Ушбу сана Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1992 йил 14 октябрдаги 47/3-сонли қарорига асосланиб, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамиятдаги тенг иштирокини таъминлаш ва инклюзив муҳит яратиш зарурлигини эътироф этади. Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, ногирон шахслар учун тенг имкониятлар яратиш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятнинг ижтимоий барқарорлиги, иқтисодий ривожланиши ва инсоний қадриятларнинг мустаҳкамланишида муҳим аҳамиятга эга.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида ногиронлиги бўлган шахслар билан ишлаш, уларни зарур хизматлар билан қамраб олиш ва жамиятда фаол иштирокини таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Ушбу ислоҳотлар нафақат ногирон шахсларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга, балки уларнинг жамиятдаги фаол иштирокини таъминлашга қаратилган. 2025 йил ҳолатига кўра, республикамизда жами 1 миллион 58 минг ногиронлиги бўлган шахслар мавжуд бўлиб, шундан 173 минг нафари ногиронлиги бўлган болаларни ташкил этади.
Маҳаллаларда амалга оширилган ижтимоий тадбирлар натижасида ижтимоий ходимлар уйма-уй юриб, жами 34,2 минг ногиронлиги бўлган, лекин расмий белгиланиши бўлмаган шахслар аниқланган ва уларга ногиронлик белгилатилди. Шу билан бирга, жорий йилдан ногиронликни белгилаш жараёни ягона стандартлар ва рақамлаштирилган тизим асосида амалга оширилмоқда. Мурожаат қилиш тартиби кенгайтирилган бўлиб, шахслар “Инсон” марказлари, ижтимоий ходимлар, my.gov.uz портали ёки оилавий шифокорлар орқали мурожаат қилиш имкониятига эга. Ҳар бир беморнинг касаллиги турига ва ҳолатига қараб, даволаниш муддати индивидуал тарзда белгиланади.
Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳаётга тўлиқ жалб қилиш борасида протез ва реабилитация воситалари билан таъминлаш хизмати ҳам кенгайтирилди. Шу йил давомида 91,9 минг шахс зарур мосламалар билан таъминланди. Ушбу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан 3 баравар, 2024 йилга нисбатан эса 1,5 баравар ошган бўлиб, бундай хизматлар учун жами 138,2 миллиард сўм йўналтирилди. Кафолатланган тарзда таъминланадиган воситалар рўйхати 2024 йилда 18 тадан 38 тагача кенгайтирилди. Мазкур воситаларни олган шахсларнинг 7,3 минг нафари расмий бандлиги таъминланди. 5 минг нафари таълим, 1 минг нафари адаптив спорт турларига жалб қилинди.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида жорий йилдан иш берувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги платформа ишга туширилди. Мазкур дастур доирасида 27 минг нафар ишлаш истаги бор шахслар рўйхати шакллантирилди ва улардан 14 минг нафари ишга жойлаштирилди. Янги лойиҳаларни амалга ошириш орқали жами 150 минг ногиронлиги бўлган шахслар расмий бандлик билан таъминланди.
Таълим соҳасида ҳам инклюзив ёндашув жорий қилинмоқда. Жорий йилдан бошлаб, барча туман ва шаҳарлардаги боғчаларда 656 та инклюзив таълим гуруҳи ташкил этилиб, 1 минг 171 нафар ногиронлиги бўлган бола таълимга жалб қилинди. Шу билан бирга, ҳаракатланиш имконияти чекланган болаларни таълим даргоҳларига етказиш мақсадида “Ижтимоий такси” хизмати йўлга қўйилди. Хизматдан 678 нафар шахс фойдаланиб, жами 1,6 минг қатнов амалга оширилган. Бундан ташқари, 2025 йилдан бошлаб ногиронлиги бўлган болалар учун 458 та кундузги парвариш гуруҳи ташкил этилди ва шу орқали 3 минг 457 нафар бола парвариш, таълим ва тарбия хизматлари билан қамраб олинди.
Адаптив спорт ва жисмоний фаоллик соҳасида ҳам сезиларли ютуқлар мавжуд. Жорий йилда ишга туширилган адаптив спорт турлари реестрига жами 89 та спорт тури киритилиб, ногиронлиги бўлган шахслар учун мавжуд имкониятлар кенгайтирилди.
Ногиронлиги бўлган шахслар учун тиббий-ижтимоий хизматлар тизими ҳам ривожланмоқда. Жорий йил давомида 27,2 минг шахс агентлик тизимидаги санаторийларда соғломлаштирилди, 23 минг шахс реабилитация қилинди. Шунингдек, ҳаракатланишда қийналаётган ва ўзгалар парваришига муҳтож 24,5 минг нафар шахс “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида тиббий-ижтимоий реабилитация хизматлари билан қамраб олинди.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга тенг имкониятлар яратиш Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий сиёсатида муҳим ўрин тутади. Бу борадаги давлат ёндашуви, аввало, Конституцияда мустаҳкамланган инсон ҳуқуқларига ҳурмат принципи, камситмаслик тамойили ва ижтимоий адолат ғояларига таянади. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнатга оид, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳуқуқлари турли қонунлар билан белгилаб қўйилган бўлиб, улар орасида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун, “Таълим тўғрисида”, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида” ва бошқа кўплаб ҳужжатлар мавжуд. Бу меъёрий ҳужжатлар ногиронлиги бўлган шахсларнинг иқтисодий ҳуқуқларини кафолатлаш, уларни меҳнат жараёнига жалб этиш, зарур шароитлар яратиш ва ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлайди.
Давлат сиёсатининг энг асосий тамойилларидан бири ногиронлиги бўлган шахсларга бошқа фуқаролар билан тенг ҳуқуқ ва имконият яратишдир. Бу ёндашув Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам аниқ ўз ифодасини топган. Қомусимизнинг 18-моддасида барча фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, дини, эътиқоди ёки ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги мустаҳкамланган. Бу модда ногиронлиги борлиги туфайли ҳеч бир шахснинг камситилишига йўл қўйилмаслиги тамойилини кафолатлайди. 39-моддада эса ҳар кимнинг қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда ёки боқувчисиз қолганда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқи тасдиқланган бўлиб, бу норма ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳам асосий ижтимоий кафолатлардан биридир. Шунингдек, 45-модда вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат томонидан қўллаб-қувватланишини юқори даражада эътироф этади. Бу каби конституциявий кафолатлар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш учун мустаҳкам пойдевор яратади.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини тартибга солувчи 200 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд. Булар қаторига 40 дан ортиқ қонун, 160 дан ортиқ қонуности ҳужжати киради. Ушбу ҳужжатлар ногиронларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳаётда тенг иштирок этишини таъминлашга қаратилган.
Шундай қилиб, Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш фақат ижтимоий ёрдам билан чекланмайди, балки уларнинг жамият ҳаётининг барча жабҳаларида фаол, мустақил ва барқарор иштирокини таъминлашга қаратилган сиёсатдир. Бу сиёсатнинг асосида инсон қадр-қиммати, тенглик ва камситмаслик тамойиллари ётади. Давлат томонидан яратилаётган ҳуқуқий ёндашув, инклюзив ижтимоий тизимлар ва халқаро нормаларга мувофиқ ёндашув ногиронлиги бўлган шахслар учун янада очиқ, адолатли ва қулай жамият барпо этишнинг муҳим кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзА