Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида вилоят ҳокимлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими ҳамкорлигида 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан эълон қилинган “Аксилкоррупция ойлиги” доирасида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ташкил этилди.
Сўзга чиққанлар томонидан коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш барчанинг бирдек вазифаси эканлиги, бунда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни ва ролини янада ошириш лозимлиги таъкидланди.
– Юртимизда давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида коррупция иллатига қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда, – дейди вилоят ҳокимлиги Коррупцияга қарши ички назорат қилиш шуъбаси раҳбари Феруз Ҳасанов. – Айни пайтда Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бу иллатга қарши кескин чоралар кўришмоқда. Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида 298 та коррупция жинояти рўйхатга олиниб, шундан 157 та жиноят иши бўйича 231 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Жиноятларнинг 79 таси ўзлаштириш, 69 таси фирибгарлик, 15 таси мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, 42 таси мансаб сохтакорлиги, 85 таси пора бериш, 5 таси пора олиш, 3 таси бошқа жиноятлардир.
Навоий вилоятида Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгаши тузилган бўлиб, унинг асосий вазифаси Коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар(давлат дастурлари, қарор ва фармонлар)нинг амалга оширилиши юзасидан мониторинг ўтказиш ва натижаси тўғрисида Миллий кенгашга ахборот тақдим этиб бориш ҳисобланади.
[gallery-14793]
– Юртимизда тегишли давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат ташкилотлар томонидан коррупцияга қарши курашиш борасида кенг кўламли тадбирлар белгиланиб, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва “яширин иқтисодиёт”ни қисқартириш чоралари кўрилмоқда, – дейди Халқ депутатлари вилоят Кенгаши Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш бўйича доимий комиссия раиси, “Адолат” социал-демократик партияси вилоят Кенгаши раиси Рустам Ҳайитов. – Коррупцияга қарши курашиш соҳасида муайян натижаларга эришилган бўлса-да, истиқболда бир қатор вазифаларни амалга ошириш лозим. Жумладан, вояга етиб келаётган ёшларни коррупцияга қарши курашиш руҳида тарбиялаш лозим Ёшларда илм олиш, ўз устида ишлаш кўникмасини кучайтиришимиз, уларнинг касб ёки ҳунар эгаллаши зарур эканлигини уқтиришимиз керак. Касб-ҳунар эгалламасдан, хорижий тилларни билмасдан фаровон келажакни яратиш машаққатли эканлигини ёшларга тушунтиришимиз фойдадан холи бўлмайди. Шунингдек, рақамли технологиялар имкониятларидан фойдаланиш кўламини янада кенгайтириш орқали инсон омилисиз хизмат турларини жорий этиш, коррупцияни келтириб чиқарувчи сабаблар ва омилларни аниқлаш ҳамда бу борада маҳаллий Кенгашларга ва улар орқали парламентга таклифларни бериш бўйича жамоат ташкилотларининг фаоллигини оширишимиз лозим.
Тадбирда ҳокимлик томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилган ишлар сарҳисоби ҳамда ижтимоий аҳамиятга молик очиқ маълумотларни расмий веб-сайтда ёритиб бориш жараёни тақдимот қилиниб, видеороликлар намойиш этилди.
А.Бўриев, С. Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари