Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
29 йиллик ҳуқуқий амалиётдаги бўшлиқларни тўлдиришга хизмат қилувчи қонун
10:32 / 2022-11-08

Стандартлаштириш ҳар бир мамлакат иқтисодий салоҳиятини ривожлантиришга ёрдам берадиган муҳим соҳа ҳисобланади. Халқаро ва миллий стандартлар асосида ишлаб чиқарилган маҳсулот ички ва ташқи бозорларда ўз рақобатбардошлиги билан истеъмолчи эътиборини қозонади.

 «Стандартлаштириш қонуни»нинг амалдагиси 1993 йилда қабул қилинган бўлиб, бугунги кун талаблари ва стандартлаштириш соҳасидаги халқаро меъёрларига тўғри келмай қолган эди. Шу боис, стандартлаштириш соҳасидаги халқаро талаблар ва илғор хорижий тажрибани қамраб олиш мақсадида ўтган йиллардаги ҳуқуқий амалиётдаги бўшлиқларни тўлдириш мақсадида янги қонун ишлаб чиқилди.  

Қонун лойиҳаси 31 та моддадан иборат бўлиб, лойиҳани ишлаб чиқишда 14 нафар эксперт иштирок этди.  

Қонунда «давлат стандарти» тушунчаси «миллий стандарт» тушунчасига ўзгартирилиб, халқаро амалиётга мувофиқ «давлат стандарти» тушунчаси асосан мажбурий бажариш деб тушунилган.  

Хорижий мамлакатларнинг қонунчилигида «миллий стандарт» тушунчаси қўлланилгани эътиборга олиниб, миллий стандартлар ихтиёрий асосда қўлланилиши белгиланди.  

Жаҳон савдо ташкилотининг Савдодаги техник тўсиқлар тўғрисидаги битими тамойилларига асосан мажбурий стандартлар рўйхати Вазирлар Маҳкамаси қарори билан белгиланиши назарда тутилган. Жаҳон Савдо ташкилоти, Стандартлаштириш бўйича ва бошқа ташкилотлар талабларига мувофиқ, ишлаб чиқарувчилар истеъмол бозорлари ёки хорижий бозорларга кириши ҳамда рақобатбардошлигини ошириб бориши учун стандартлар ихтиёрий асосда қўлланилади.  

Бугунги кунда давлат стандартлари фондида 30 мингга яқин стандартлар мавжуд бўлиб, уларнинг талабларига риоя қилиш мажбурий ҳисобланади.  

Қонуннинг қабул қилиниши билан стандартлар мажбурийликдан ихтиёрийликка ўтади. Шу билан бирга, халқаро, минтақавий ва хорижий стандартларни Ўзбекистонда қўллаш тартиби жорий этилиб, бунда улар Миллий идоранинг қарори билан миллий стандартлар сифатида ўзгаришсиз қабул қилиш орқали қўлланилади.  

Ҳозирда Европа стандартлаштириш институти, Америка материалларни синаш жамияти, Франция стандартлаштириш уюшмаси,  Россия федерацияси Техник жиҳатдан тартибга солиш ва метрология федерал агентлиги ва бошқа ташкилотлар билан стандартларни қўллаш ва ҳамкорлик қилиш бўйича келишувлар мавжуд.  

Шунингдек, стандартлаштириш соҳасида муайян муддатга қабул қилинадиган «дастлабки стандарт»ни (DS – Dastlabki Standart) қўллаш тартиби жорий этилмоқда.  

Янги ишлаб чиқарилган маҳсулотлар бозор тамойилларига мослашишини таъминлаш мақсадида илмий тадқиқотлар ва ишланмалар давом эттирилиши мақсадга мувофиқ деб топилган стандарт лойиҳаси дастлабки стандарт шаклида техник қўмита томонидан муайян муддатга қабул қилинади.  

Шунингдек, турли идоралар кесимида стандартлаштириш бўйича ишларни алоҳида-алоҳида олиб бориш амалиёти бекор қилиниб, стандартларни экспертизадан ўтказиш, тасдиқлаш, рўйхатга олиш, янгилаш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ваколати Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги Ўзбекистон Стандартлар институтига берилади.  

Шунингдек, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш талабларидан бири мамлакатда стандартлаштириш соҳасидаги миллий идорани аниқлаш ҳисобланади.  

Бунда соҳавий стандартлар лойиҳалари идоралар ҳузурида ташкил этиладиган техник қўмиталар томонидан ўзаро келишув (консенсус) асосида ишлаб чиқилиши ва тасдиқлаш учун Миллий идорага тақдим этилиши белгилаб қўйилган.  

Стандартлаштириш фаолиятини ташкил этиш тартибига кўра, стандартлаштириш ишларини режалаштириш, стандартлар ахборот базасини яратиш ва юритиш, стандартларни қўллаш, нашр қилиш ва тарқатиш миллий идора томонидан амалга оширилади.  

Президентимиз томонидан мазкур янги қонуннинг имзоланиши миллий стандартлаштириш тизимини халқаро амалиёт билан уйғунлаштириш, маҳсулот ва хизматлар ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларининг сифати, уларнинг ташқи бозордаги рақобатбардошлиги ошишига кенг имконият яратиши билан аҳамиятлидир.  

  

Дилшод Сатторов,  

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Бош директори