Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
28-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси (TXTY-2023): Соҳада қандай янгиликлар кутилмоқда?
11:11 / 2023-11-17

Пойтахтимизда “Ипак йўлида туризм” 28-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси (TXTY-2023) туризм соҳасининг юзлаб мутахассисларини ўзида жамлади.

Кўргазма давомида Туризм қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Жамшид Абдусаломов ҳамда Қирғизистон Республикаси Туризмни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси президенти Абилкасим Шерниязов билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида Марказий Осиёда “Ипак йўли” туризм бренди ҳамда “Бир саёҳат – бутун минтақа” дастури остида минтақа бўйлаб қўшма турларни ташкил қилиш йўналишида туризм тадбиркорлари ўртасида лойиҳаларни кенгайтириш чоралари муҳокама қилинди.  Учрашувда келгуси йилнинг 1-сентябридан икки мамлакатга кириш  ID карталар орқали амалга оширилиши эътироф этилди,  рўйхатга олиш муддатларининг узайтирилиши, икки мамлакат фуқаролари учун қўшимча қулайлик яратиши қайд этилди.  

Томонлар  ўртасида   Ўзбекистонлик ва Қирғизистонлик ОАВ вакиллари ва туризм бизнеси субъектлари учун инфо-тур ташкил этиш ва турли қатламдаги саёҳлар учун яратилган имкониятларни кенгроқ ёритишга келишилди. Бундан ташқари қирғизистонлик расмий UNWTO Бош ассамблеяси 25-сессияси доирасида Самарқадда UNWTO халқаро туризм академияси ташкил этилганлиги билан Ўзбекистон томонини қутлаб, Қирғизистон мутахассислари мазкур даргоҳда малакаларини ошириш юзасидан яқиндан ишлашга тайёр эканлигини билдирди.  

Шунингдек, 28-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси доирасида Санкт-Петербург Туризмни ривожлантириш қўмитаси ва Самарқанд туризм бошқармаси ўртасида туризм соҳасида шериклик ва амалий ҳамкорлик тўғрисида Келишув имзоланди. Келишувга кўра,  туризм индустрияси субъектлари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш, гуруҳ ва индивидуал турларни ташкил этишга кўмаклашиш, профессионал кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, меҳмондўстлик саноати маҳсулотларини сотиш ва илгари суриш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш масалаларида ўзаро ҳамкорлик қилиш режалаштирилган.  

Тошкент шаҳар ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Фахриддин Давруков ва Москва мери ва ҳукумати девони бошлиғининг биринчи ўринбосари, Москва шаҳар туризм қўмитаси раиси Евгений Козлов ўртасида ташкил этилган мулоқот  шаҳарлар ўртасидаги самарали ҳамкорлик жараёнида сайёҳлар сонини ҳар икки йўналишда бир миллиондан ошириш,  туризм ва маданият фестивалларини ташкил этиш, фольклор ва ҳаваскорлик жамоаларининг гастроллари, ўзаро таклифлар орқали туроператорлар ва оммавий ахборот воситалари вакилларини тегишли миллий туристик маршрутлар ва маҳсулотларни ўрганишга таклиф этиш, давлатларнинг туризм салоҳияти тарғиботи ва тақдимотини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Мулоқот якунида Тошкент ва Москва шаҳарлари ўртасида самарали икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар яратадиган туризм соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.  

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, 28-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси (TXTY-2023) 1995 йилдан бери БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти (УНWТО) кўмагида ўтказиб келинаётган йиллик туризм тадбиридир.  

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА