Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
28 та лойиҳа бўйича тоғ жинслар ва намуналар халқаро лабораторияларда таҳлилдан ўтказилмоқда
12:40 / 2024-08-30

Бугун АОКАда ўтказилган брифингда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги бошқарма бошлиғи Содиқ Рўзиқулов «Ўзбекистон – 2030» стратегиясидаги устувор вазифаларни Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йилида амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган чора-тадбирлар ижроси хусусида маълумот берди.

Таъкидланишича, давлат дастурида Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги тизим корхоналарига бир қатор топшириқлар белгиланган бўлиб, уларни ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этиш бўйича амалий чоралар кўрилмоқда. Хусусан, республика ҳудудларида мавжуд минерал хомашё ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида истиқболли майдонларда қимматбаҳо, рангли ва ноёб металларга геология-қидирув ишлари олиб борилмоқда.  

– Дастур доирасида жорий йил якунига қадар фойдали қазилмаларнинг 23 та тури бўйича саноатбоп захиралари ва прогноз ресурсларини амалга ошириш кўзда тутилган. Мўлжалланган захира ва прогноз ресурсларини бажариш учун геология-қидирув ишларига 2,4 триллион сўм маблағ, шу жумладан, 900 миллиард сўм бюджет маблағи йўналтирилиши белгиланган. Қайд этилганидек, амалга оширилган геология-қидирув ишлари доирасида республикамизнинг ҳудуди регионал геология тадқиқотлари билан тўлиқ қамраб олинган бўлиб, 160 минг квадрат метр майдоннинг рақамли геологик хариталари тузилган, 12 минг квадрат метр майдонда космогеологик ва геокимёвий тадқиқотлар ўтказилган. Жорий йил бошидан 1 миллион 300 минг метр бурғилаш, 4 минг 300 метр ер ости, 135 минг метр куб ер усти тоғ-кон ишлари ҳамда 4 415 километр 2D ва 1 110 квадрат километр 3D сейсмик қидирув ишлари бажарилди, – деди С.Рўзиқулов.  

Брифингда инвестиция дастурига доир ишларга ҳам тўхталиб ўтилди. Унга кўра, 2024 йилда 28 та лойиҳанинг кон захираларини баҳолашда илғор халқаро стандартларни жорий қилиш мақсадида тоғ жинслар ва намуналар халқаро лабораторияларда таҳлиллардан ўтказилмоқда. Жумладан, 12 мингта намуна Хитой, АҚШ, Туркия, Франция, Қирғизистон, Қозоғистон, ва Жанубий Африка Республикаларидаги халқаро лабораторияларга жўнатилган. Кон захираларини халқаро стандартлар асосида баҳолаш салоҳиятли инвесторларни жалб қилишда асосий мезон бўлиб хизмат қилмоқда.  

Бошқарма бошлиғининг сўзига кўра, жорий йил бошидан жами 443 та кон ва участка онлайн аукцион асосида ташаббускорларга таклиф этилган. Шундан 228 та фойдали қазилма кон ва участка сотилган. 215 таси бўйича аукцион савдолари бўлиб ўтмоқда. Йил якунига қадар яна 60 та фойдали қазилма кон ва участка онлайн савдога қўйилади.  

Шунингдек, тадбирда мамлакатимизда 72 та фойдали қазилма турлари, 2 000 дан ортиқ фойдали қазилма кон ва майдонлар мавжуд бўлиб, соҳага 25 миллиард доллардан ортиқ инвестициялар, шу жумладан, хорижий етакчи компаниялар маблағлари жалб қилинаётгани қайд этилди. 

Н.Зиёдуллаева, ЎзА