28 давлат ташқи ишлар вазирлари қўшма баёнот қабул қилди. Ҳужжатда Ғазодаги ҳарбий ҳаракатни зудлик билан тўхтатишга чақирилиб, Исроил томони халқаро ҳуқуқ меъёрига амал қилиши лозимлиги таъкидланган. Бу ҳақда “Евроньюс” ёзди.
Жумладан Франция, Бельгия, Буюк Британия каби Европа давлатлари ҳам имзолаган бу келишувда сектор фуқаролари аҳволи ниҳоятда оғирлиги қайд этилган:
– Ғазо фуқароларининг азоби шу даражага етганки, сув, озиқ-овқат каби энг оддий эҳтиёжни қондиришга уринаётган бегуноҳ аҳоли, айниқса болалар ва аёллар ғайриинсоний ҳолатда ўлим топмоқда.
Шунингдек, баёнотда Исроил ҳукумати Ғазога гуманитар ёрдам етказишни чеклаётгани танқид остига олинган:
– Қамалдаги одамларга бораётган муҳим гуманитар ёрдам йўли тўсилаётганини оқлаб бўлмайди. Исроил халқаро гуманитар ҳуқуқ бўйича ўз мажбуриятини бажариши шарт.
Исроил Ташқи ишлар вазирлиги мазкур баёнотга тезкор муносабат билдириб, ҳужжатни инкор этди. Хусусан, Ғазо ҳокимиятини қўлида ушлаб турган ХАМАС ҳаракатига “ҳақиқатдан йироқ, нотўғри маълумот” берилаётганини таъкидлаган.
Исроил ТИВ матбуот котиби Орен Марморштейн айни мавзуда шундай деган:
– Бу урушни ХАМАС бошлади ва давом эттирмоқда. Гуруҳ ўт очишни тўхтатишга рози бўлиш ўрнига, Исроил ҳақида ёлғон ахборот кампаниясини олиб бормоқда ва атрофдаги кескинликни атайлаб кучайтирмоқда.
Исроилнинг Фуқароларга ёрдам кўрсатиш агентлиги таъкидлашича, болалар учун мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотлари Ғазога олиб кирилишига ҳеч қандай расмий тақиқ қўйилмаган.
– Биз халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда болаларга ёрдам етказилишини таъминлашга тайёрмиз, – дейилган Исроил ТИВ баёнотида. Бизнинг мажбуриятимиз аниқ: ХАМАСга эмас, оддий одамларга кўмаклашиш.
Январь ойида Исроил БМТнинг Фаластинлик қочқинларга ёрдам агентлиги билан ҳамкорликни тўхтатган. Бунга агентлик сафида, гўёки, ХАМАС аъзолари мавжудлиги асос қилиб кўрсатилди. Шу баҳонада Ғазода ёрдам тарқатиш масъулияти тажрибасиз, АҚШ қўллаб-қувватловидаги янги гуманитар жамғарма зиммасига юклатилди. Бинобарин, бу жамғарманинг ёрдам етказиш усули қатор халқаро ташкилотлар танқидига учраган. Масалан, Ғазодаги 4 ёрдам тарқатиш манзилида тиқилинч юзага келиб бир неча одам ҳалок бўлди. Шунингдек, гуманитар ёрдам олишга келганлар Исроиллик аскарлар томонидан ўққа тутилгани рад этиб бўлмас ҳақиқат.
Айни пайт Исроил ва ХАМАС Қатар воситачилигида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокара олиб боряпти. Афсуски, ҳозирча мулоқотлар натижаси кўринмаяпти.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/MIEmd6ylz9g" title="28 davlat G‘azoda zudlik bilan urushni to‘xtatishga chaqirdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>К.Бекжонов, ЎзА