Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси органлари томонидан алимент ундириш ҳамда оилалар манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, ўтган йил алимент олувчилар манфаатларини таъминлаш мақсадида 2,2 миллиард сўм нақд пул маблағлари олдиндан тўлов сифатида ундирилиши таъминланди. Шунингдек, 135 нафар ундирувчига Алимент тўловлари жамғармаси ҳисобидан 1 миллиард 446 миллион сўмга яқин маблағ тўлаб берилди.
– Мутасадди идоралар билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирлар доирасида 2728 нафар ишсиз алимент тўловчи ишга жойлаштирилиб, уларнинг доимий бандлиги таъминланди, – дейди МИБ Самарқанд вилояти бошқармаси масъул ходими Жалолиддин Шербоев. – Шу билан бирга, қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида алимент тўлашдан қасддан бўйин товлаб келган 995 нафар шахс маъмурий жавобгарликка, 137 нафар шахс эса жиноий жавобгарликка тортилди.
Маҳалла “еттиликлари” билан ҳамкорликда ўтказилган профилактик суҳбатлар ва кўрилган чора-тадбирлар самарасида 6798 та оила яраштирилиб, оилалар тикланишига эришилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири