French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
271 туп теракни кесган шахс 27 миллион 15 минг сўм жарима тўлайди
10:32 / 2020-05-01

Юртимизда ўсимликлар дунёсидан фойдаланишнинг рухсат бериш тартиб-таомиллари мавжудми?


Сурхондарё вилояти Узун туманидаги Бешкапа маҳалласи ҳудудида Т. Хуррамов 271 туп терак дарахтини ўзбошимчалик билан кесгани аниқланиб, туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси томонидан тегишли тартибда ҳужжатлааштирилди. 

Мамлакатимизда табиат бойликларини авайлаб-асраб, улардан оқилона фойдаланиш ва экологик барқарорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётган сўнгги йилларда йўл бўйлари, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар атрофи ва бошқа дарахтзорлардаги яшил бойликларни ўзбошимчалик билан кесиш ҳолатлари учраб турибди. Амалдаги қонунларимиз доирасида табиат бойликларига бемеҳр бундай шахсларга тегишли жазо чоралари кўрилмоқда. 

Юртимизда ўсимликлар дунёсидан фойдаланишнинг рухсат бериш тартиб-таомиллари мавжудми? Қонунчилигимизда ўзбошимчалик билан кесилган дарахтлар ва буталар учун қандай жазо чоралари кўриш кўзда тутилган? 
  
¬–Ўсимликлар дунёси умуммиллий бойлик ҳисобланади,¬ – дейди Сурхондарё вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Б.Ўринов.¬ – Шунга мувофиқ фуқароларнинг ўз шахсий томорқасидан ташқарида бўлган барча турдаги дарахт ва буталарни агар уларни кесмоқчи бўлган инсонлар эккан бўлса ҳам рухсатсиз кесиш қонунбузилиш ҳолатига сабаб бўлади. 

photo_2020-05-01_10-33-21.jpg

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги “Биологик ресурслардан фойдаланишни тартибга солиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида”ги қарорга мувофиқ, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар атрофига экилган дарахтлар ва туп-туп дарахтлар, давлат захира ерларида жойлашган темир йўл, автомобиль йўллари, экинзорларнинг, каналлар ва бошқа сув объектларининг ажратилган минтақаларидаги иҳота дарахтзорлари, ташкилотлар ва муассасалар ҳудудидаги дарахтлар, шунингдек шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларидаги кўкаламзорлаштириш учун экилган ўсимликлар, сувни муҳофаза қилиш ва эрозияга қарши экилган дарахт ҳамда бутазор кабилар давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталар тоифасига киритилган.

Мазкур қарор билан тасдиқланган низомнинг 18-бандига асосан ўсимлик дунёси обьектларидан фойдаланиш, яъни ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесиш экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш органлари билан келишилган ҳолда туман, шаҳар ҳокимияти томонидан бериладиган рухсатнома асосида амалга оширилиши лозим. Мазкур тартиб-қоидаларга риоя этмасдан фуқароларнинг шахсий томорқасидан ташқаридаги дарахт ва буталарни кесганлик учун маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортиш жазоси белгиланган. Бундан ташқари ўсимлик дунёсига етказилган зарар ҳам ундириб олинади. 

Узун туманидаги Бешкапа маҳалласида содир этилган қонунбузилиш ҳолати бўйича яшил бойлик кушандасига Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ 1 миллион 115 минг сўм жарима ва 25 миллион 900 минг сўм табиатга етказилган зарарни қоплаш жазоси қўлланилди.