"Халқимизда кўп гапиргандан кўра, амалдаги мақсадга ўт", дейишади. Тўғри-да, қуруқ гап билан қорин тўймайди. Биров ишонмайди. Ҳаётий мисоллар, далиллар эса барчанинг эътиборини тортади.
Ўзига ишонтиради, эргаштиради. Жиззах вилояти Янгиобод тумани "Дўстлик" маҳалласидаги «Истиқлол баҳор» томорқа хизмати раҳбари Лазиз Муродқулов банкдан имтиёзли кредит олиб, йирик лойиҳаларни амалга ошираётган ёш тадбиркорлардан бири.
"2020 йилда тадбиркорликни бошлаш мақсадида «Қишлоқ қурилиш банк» Янгиобод филиалидан 12 та лойиҳани амалга ошириш мақсадида 4 миллиард 150 миллион сўмлик кредит олиш учун ариза қолдирдим, – дейди «Истиқлол баҳор»томорқа хизмати раҳбари Лазиз Муродқулов. – Жорий йилда банк томонидан менга 2 миллиард 300 миллион сўм маблағ ажратилди. Ушбу маблағга туманимиздан 200 тонналик музлатгич қурдик. 50 сотихлик кўчатчилик иссиқхонасини ташкил қилдик. Натижада, туманимиздаги ишсиз юрган 17 нафар хотин-қизларни иш билан банд қилдик. Қолаверса, қишлоқ хўжалигига оид техникалар харид қилдик. Ем ишлаб чиқариш линияси, сутни қабул қилиш ва қайта ишлаш, меваларни қуритиш линиясини ишлаб чиқариш ишларини бошлаб юбордик".

Ҳозирда аҳоли томорқасида етиштирилган маҳсулотларни бозор нархларида сотиб олиб, уларни қайта ишлаб, маҳаллий бозорларга қолаверса, экспортга йўналтириш мақсадида қишлоқ хўжалигини қайта ишлайдиган цех қураяпмиз. Барча лойиҳаларимиз тўлиқ ишга тушса, ишсиз юрган 40 нафар ёшлар бандлиги таъминланади.
"Тўрт нафар фарзандим бор, – дейди Янгиобод тумани "Дўстлик" маҳалласида истиқомат қилувчи Мафтуна Абдуазимов. – Оилада турмуш ўртоғим ҳам мен ҳам ишсиз эдик. Туманимиз чекка ҳудуд ҳисоблангани боис етарлича давлат корхоналари, ишлаб чиқариш цехлари йўқ. Шу боисдан иш топишга қийналар эдик. Яқинда «Истиқлол баҳор»томорқа хизматига қарашли иссиқхонага тишга кирдим. Иш жойим уйимга яқин. Маошлари ҳам яхши. Оиламиз иқтисодига ҳисса қўшаётганимдан хурсандман. Қишлоғимизда мана шундай тадбиркорлар кўпайса, биз каби ишсизлар доимий иш ўрнига эга бўлади".
«Қишлоқ қурилиш банк» банк томонидан журналистлар учун ташкил этилган пресс турда Янгиобод туманида тадбиркорлар сафи кенгайиб, ўз қишлоқдошларини иш билан банд қилаётганлар кун сайин кўпайиб бораётганини кузатдик. Банк ходимлари хонадонма-хонадон юриб тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган фуқароларга банкдан имтиёзли кредитлар ажратилиши тартиби ҳақида маълумотларни бермоқда.
Тўғри-да, оддий халқ банк кредити ҳақида тўғри маълумотга эга бўлмаса, ишни қандай бошлайди. Шу боисдан бўлса керак мазкур туман аҳолисининг кўпчилиги тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган.
Мақсад битта – «Банк – мижоз учун» тамойили асосида тадбиркорликни ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини ошириш, иқтисодиётимиз юксалишига ҳисса қўшишдир.
Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА