Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
27 та лифт янгиланади, бироқ…
23:21 / 2025-11-14

Хоразм вилоятида 1 минг 959 та кўп қаватли уй-жой мавжуд бўлиб, минглаб одамларнинг ҳаёти ва тақдири улар билан боғлиқ.

Қирқ беш мингдан ортиқ хонадонни ўз ичига олган ана шу уйларнинг 1 минг 853 тасига  38 та бошқарув сервис компанияси хизмат кўрсатади. Қолган юздан ортиғи эса мулкдорлар, идора ва ташкилотлар  балансида.

Таъкидлаш керакки, сервис хизмат кўрсатувчилар ҳам,мулкдорлар ҳам, идора - ташкилотлар  ҳам бир мақсад йўлида фаолият юритиши лозим. Яъни аҳолига қулай ва хавфсиз ҳаёт муҳити яратилиши керак.

Шу мақсадда вилоятда қиш мавсуми олдидан юзлаб уйларда таъмир амалга оширилди. Эски деворлар ҳамда  томларнинг тешик – тирқишлари ямалди.  Эски қувурлар янгиланди.  

Рақамларга юзлансак, жорий  куз-қиш мавсумини бетолафат ўтказиш мақсадида вилоятдаги бошқарув сервис компанияларнинг 5  миллиард 246 миллион сўм маблағлари ҳисобидан 185 та кўп квартирали уй-жойни мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилган.

Энг муҳими, айни дамда одамларнинг кундалик ҳаётини енгиллаштирадиган  27 та лифт замонавийсига алмаштирилмоқда.  Бу ҳам катта маблағ, катта меҳнат, катта масъулиятдир. Бироқ…

[gallery-26265]

- Ушбу  лифт ускуналарини янгисига алмаштириш ишларига  бюджетдан 10 миллиард 420 миллион сўм маблағ ажратилган, - дейди Хоразм вилояти ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати  инспекцияси матбуот хизмати раҳбари  Шаҳноза Қаландарова. - Аммо, лифт ускуналарини ўрнатиш жараёнида бир қатор муаммолар аниқланмоқда. Яъни кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи фуқаролар томонидан уйларнинг умумий фойдаланиши керак бўлган қисмлари ўзбошимчалик билан ўраб олинган. Бу эса лифт ускуналарининг ўз вақтида ўрнатилишини кечиктирмоқда.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш ва бартараф қилиш бўйича тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида бир қатор тадбирлар ташкил этилмоқда.  

Хусусан, Урганч шаҳридаги Кўҳна қалъа маҳалласи ҳудудидаги кўп қаватли уйларда инспекция ва вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси ходимлари “рейд” тадбирлари ўтказиб, ўзбошимчалик билан қурилган қурилмаларни белгиланган муддатда буздириш бўйича уй-жой мулкдорларига бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди.

Маълумот ўрнида,  инспекция  ходимлари томонидан берилган  кўрсатмалар белгиланган муддатда ихтиёрий равишда бартараф қилинмаса, уй-жой мулкдорларига нисбатан маъмурий жавобгарлик тўрисидаги кодекснинг тегишли моддасига асосан  базавий ҳисоблаш миқдорининг  беш  баробаридан ўн баробаригача жарима қўлланади.

Аҳмаджон Шокиров,

Беҳзод Саидов (сурат),

ЎзА мухбирлари