Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
27 мингдан ортиқ фуқаро хорижга манзилли ишларга жўнатилган
09:45 / 2022-10-13

Меҳнат мигрантларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, хорижда ишлаш истагидаги фуқароларни қўллаб-қувватлаш долзарб масалалардан биридир.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан бу борада амалга оширилган ишлар юзасидан АОКАда агентлик ахборот хизмати раҳбари Ортиқхўжа Норов иштирокида ўтказилган брифингда маълумот берилди.  

– Меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш мақсадида хорижнинг ваколатли ташкилотлари ва салоҳиятли иш берувчилари билан музокаралар олиб борилди, – деди Ортиқхўжа Норов. – Бунинг натижасида Буюк Британия, Болгария, Латвия, Польша, Германия, Сербия, Финляндия, Россия, Қозоғистон каби давлатлардан 474 та ташкилот билан ҳамкорлик келишувлари имзоланиб, уларда 13 мингга яқин бўш иш ўринлари аниқланган. 

2022 йилнинг ўтган 9 ойи давомида Россия Федерацияси, Жанубий Корея, Қозоғистон, Сербия, Буюк Британия, Туркия, Германия, Япония ва бошқа давлатларга жами 27 мингдан ортиқ фуқаро манзилли ишларга жўнатилган. 

Алоҳида таъкидлаш жоиз, хорижий ташкилотлар билан олиб борилган музокаралар натижасида, Корея Республикасига 3 минг 825 нафар, Англияга эса 77 нафар юртдошимизни ишга жўнатишга эришилди. 

Агентлик фаолиятининг муҳим йўналишларидан яна бири ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, моддий ёрдам кўрсатиш ҳисобланади. Ушбу йўналишдаги рақамларга тўхталадиган бўлсак, жами 206 мингдан ортиқ фуқарога хизматлар кўрсатилган.  

Шундан 183 мингдан ортиғига маслаҳат хизмати, 6 мингдан зиёдига ҳуқуқий, 15 мингдан ортиғи ижтимоий, 2 минг 595 нафарига моддий ёрдам, шундан, 1009 нафарига БҲМнинг икки бараваридан, жами 50 минг 255 АҚШ доллари миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилган. Шунингдек, 198 нафар фуқаро вақтинчалик хостелларга жойлаштирилган, оғир вазиятларга тушиб қолган 844 нафар фуқаро эса Ўзбекистонга олиб келинган. 

Агентликнинг хориждаги ваколатхоналари аралашуви билан юртдошларимизнинг иш берувчиларидан 834 минг АҚШ доллари миқдоридаги иш ҳақлари ундириб берилган. 

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон фуқароларини ташкиллаштирилган ҳолда ишга жалб қилиш бўйича Англия, Япония, Германия, Сербия, Исроил ва Жанубий Корея иш берувчилари билан эришилган келишувлар келгусида кўплаб фуқароларимизни ушбу давлатларга юқори маошли ишларга жалб қилиш имконини беради. 

Бугунги кунда чет элда ишлаш истагида бўлган юртдошларимиз учун Германия, Литва, Болгария, Польша каби давлатларда тиббиёт, ҳайдовчилик, қурилиш ҳамда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишнинг турли соҳаларида бўш иш ўринлари таклиф этилмоқда.

М.Комилова, 
ЎзА