"Ўзбекистон республика валюта биржаси" АЖ матбуот хизматининг маълум қилишича, 2023 йилнинг 27-31 март кунлари валюта бозорида 6,90 трлн. сўм миқдорида битимлар тузилган.
2023 йил 31 март куни бўлиб ўтган савдолар натижаларига кўра, АҚШ долларининг сўмга нисбатан ўртача тортилган курси 11 404,65 сўм даражасида белгиланди. Ўтган ҳафтанинг охирига нисбатан ўзгариш 0,22 фоизни ташкил этди.
Жорий йил бошидан валюта бозорида амалга оширилган битимлар умумий ҳажми 113,03 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичга нисбатан 54,74 фоизга ошган.
Ҳафта якунларига кўра, пул бозорида 7,45 трлн. сўмлик битимлар тузилди. Бунда, маблағларни жалб қилиш – жойлаштириш бўйича банклараро операциялар ҳажми 4,92 трлн. сўмни ва Марказий банкнинг депозит аукционлари ҳажми 2,53 трлн. сўмни ташкил этди. Жорий йил бошидан буён пул бозоридаги операциялар умумий ҳажми 115,28 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос кўрсаткичига нисбатан 140,75 фоизга ошди.
Қарз бозорида эса ҳафта якунларига кўра, давлат қимматли қоғозлари билан тузилган битимлар 0,93 трлн. сўмни ташкил этди. Бирламчи аукционлар ҳажми 0,30 трлн. сўм, иккиламчи бозорда тузилган битимлар 0,05 трлн. сўм ва РEПО операциялари ҳажми 0,57 трлн. сўмга тенг бўлди.
Жорий йил бошидан қарз бозорида тузилган битимлар умумий ҳажми 19,92 трлн. сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос кўрсаткичига нисбатан 17,86 фоизга кўпдир.
ЎзА