Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
26 йил овора бўлган ногирон фуқаронинг ҳуқуқи тикланди
19:31 / 2021-02-08

Бугунги кунда маҳаллабай ва фуқаробай ишлаш замон талабига айланди. Натижада неча йиллаб ўз ечимини кутиб турган муаммоларга ечим топила бошланди.

Барча ташкилот ва муассасалар қатори адлия органларида ҳам аҳоли муаммоларини манзилли ўрганиш йўлга қўйилган. Масъуллар уйма-уй кириш жараёнида хонадонлар соҳиблари билан ўзаро суҳбатлар натижасида оғир аҳволдаги оилалар ва йиғилиб қолган муаммоларни аниқлашмоқда.

Одил Тўраев Навоий вилояти Хатирчи туманининг “Чангир” маҳалласида яшайди. У 30 йилдан буён руҳий мувозанатнинг бузилишидан азият чекади. Бундан бир неча йил олдин ногиронлик белгиланиши юзасидан қилган мурожаати мутасадди ташкилотлар томонидан эътиборсиз қолдирилган.

Бу каби масалаларнинг ечими қандай?

– Фуқаронинг оила вакиллари ўз вақтида ногиронликни белгилатиш мақсадида айрим ташкилотларга мурожаат қилган, – дейди Хатирчи тумани адлия бўлими бошлиғи Шерзод Абдураҳмонов. – Ариза қаноатлантирилмагач, масала 26 йил давомида ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Туман адлия бўлими аралашгач, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 1 июлдаги қарори билан тасдиқланган “Фуқароларни тиббий меҳнат эксперт комиссияларида тиббий меҳнат кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан, мурожаат ижобий ҳал этилиб, фуқарога ногиронлик белгилаб берилди.

– Оиламизнинг шароити оғир, маҳаллада “Темир дафтар”га киритилганмиз, – дейди О.Тўраевнинг рафиқаси Меҳрибону Боитова. – Ижтимоий нафақалар билан кун кечирамиз. Икки нафар қизим бор. Уларни ҳозир узатганман. Турмуш ўртоғим ўз вақтида бошидан лат егани учун ишлай олмайди. Адлия ходимлари уйимизга келгандан кейин мушкулимиз осон бўлди. Ногиронлик нафақа пулини ҳам ола бошладик. Бу ҳам рўзғоримизга анча ёрдам бўлаяпти.

Адлия ходимлари томонидан уйма-уй юриш тадбирлари давомида фуқароларга янги қабул қилинган қонун ҳужжатлари ҳақида ҳам маълумотлар бериб борилмоқда. Бундан ташқари аҳоли орасида кўп учрайдиган савол ва мурожаатлардан келиб чиқиб, мазкур йўналишдаги қонуний тартиблар мазмун-моҳияти тарқатма материаллар орқали тушунтириб берилаяпти.

Абдували Бўриев, ЎзА