Аҳолиси сонига кўра, ер юзида Хитойдан кейин иккинчи ўринда турадиган Ҳиндистон бугунги кунда дунёнинг иқтисоди гуркираб ривожланаётган мамлакатлари сирасига киради. Қадимда афсонавий бойликлар ватани сифатида эътироф этилган бу заминда турли тил, лаҳжада сўзлашувчи бир неча юз миллат яшаб келади. Қарийб 1 миллиард 400 миллион фуқарони бирлаштириб, тинч-тотув ва ҳамжиҳат яшашини таъминлашга қаратилган амалдаги конституция 1950 йил 26 январда кучга кирган.
Шундан буён 26 январь – Ҳиндистонда Республика куни сифатида нишонлаб келинади.
Ҳудуди катталиги жиҳатидан сайёрамизда еттинчи ўринни банд этган Ҳиндистон ғарбда Покистон, шимоли-шарқда Хитой, Непал, Бутан, шарқда Бангладеш ва Мянма, қолаверса, денгиз орқали жануби-ғарбда Мальдив ороллари, жанубда Шри Ланка ва шимоли-шарқда Индонезия билан туташ Осиёнинг қудратли давлатидир.
Энг кўп пахта етиштирувчи мамлакатлар учлигига кирган Ҳиндистон қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик маҳсулоти етказиб берувчи энг йирик экспортёрлар сафидан ҳам ўрин олган. Бу устунлик Хитой ҳамда бошқа қудратли давлатларга савдо соҳасида асосий рақиб бўлиш имконини беради.
Халқаро валюта жамғармаси жорий йил молиявий кўрсаткич бўйича Ҳиндистон Хитойдан камида 7.4 фоиз ўзиб кетишини тахмин қилмоқда. Сабаби, бугун Ҳиндистонда 100 миллиондан ортиқ кичик корхона муваффақиятли фаолият олиб бормоқда.
Яна бир қизиқ маълумот. 2021 йил Ҳиндистон ЯИМ бўйича Францияни қувиб ўтиб, ишлаб чиқариш ҳажми бўйича дунё рўйхатида олтинчи ўринни эгаллади. Экспертлар яқин ўн йилда мазкур Жанубий Осиё мамлакати жаҳоннинг энг кучли уч иқтисодиётидан бирига айланишини башорат қилаётгани бежиз эмас. Негаки, охирги йилларда давлат саноатни ва илғор ахборот технологияларини кучайтириш, экспортни кенгайтириш ва глобал интеграция жараёнида фаол қатнашиш ҳисобига юқори натижага эришмоқда. Aфсуски, ижтимоий тенгсизлик юқорилиги ва малакали кадрлар етишмовчилиги Деҳли учун асосий бош оғриғи бўлиб қолмоқда. Шунга қарамай, “ҳинд мўъжизаси” жаҳон иқтисодиётига ўз таъсирини кўрсата бошлади.
Жаҳон банки маълум қилишича, 2021 йил якунига кўра, ҳинд ЯИМ 2.946 триллион долларга етди. Францияда бу рақам 2.940 триллионни ташкил этмоқда. Бир неча йил ичида Ҳиндистон иқтисодиёти ривожланаётган мамлакатлар орасида энг тез ўсиш суръатига эга бўлади. Ваҳоланки, 2011 йилда ушбу давлат 1.823 триллион долларга тенг ЯИМ билан 12-ўринда эди. Aлбатта, 10 йил ичида иқтисодий кўрсаткични бунчалик тез ошириш, ҳақиқатан ҳам, мўъжизага ўхшайди. 2032 йилга бориб, мамлакат ЯИМ бўйича Буюк Британия, Германия ва Японияни ортда қолдириши кутиляпти.
Бир ярим миллиардга яқин аҳолиси бор республикада хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш учун барча шароит мавжуд. Aйни пайт қишлоқ хўжалиги маҳсулоти илғор экспортчисига айланган Ҳиндистон Хитой бозоридаги озиқ-овқат маҳсулоти етишмовчилигидан унумли фойдаланиб, Чин бозорини забт этди.
Жадал суръатда ўсаётган иқтисодиёт, илғор ахборот технологиялари соҳасидаги етакчилик, қудратли давлатлар билан стратегик шериклик каби омиллар яқин истиқболда Ҳиндистон учун нафақат минтақада, балки жаҳонда етакчилик ўрини нақд қилса, ажаб эмас.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўзаро ҳамкорлик муносабатини тобора чуқурлаштиришга интилмоқда.
Айниқса, 2019 йил 17-18 январь кунлари бўлиб ўтган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга ташрифидан сўнг мамлакатларимиз ўртасидаги шериклик янги босқчига кўтарилди.
Давлатимиз раҳбарининг Бош вазир Нарендра Моди билан учрашуви чоғида ахборот-коммуникация технологиялари, соғлиқни сақлаш, фармацевтика тармоғи, заргарлик саноати, қишлоқ хўжалиги, сайёҳлик инфратузилмасини модернизация қилиш каби турли йўналишларда устувор лойиҳаларни, қўшма дастурларни ҳаётга татбиқ этишни жадаллаштириш борасида фикр алмашилди.
Шубҳасиз, Ўзбекистон-Ҳиндистон дўстлиги, ҳамжиҳатлиги минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Улуғбек Маҳмирзаев, ЎзА