Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари И.Муслимов Бухоро вилоятида сайёр қабул ўтказди. Унда жами 121 нафар фуқаро қабул қилинди.
–Қабул қилинган фуқароларнинг 83 таси жиноят ишлари, 30 таси фуқаролик ишлари,, 3 таси иқтисодий ишлар бўйича, 5 таси маъмурий судларга оид мурожаатлар қилди, –дейди вилоят суди бош консультанти Нурбек Рахимов. – 82 нафар фуқаронинг оғзаки мурожаати ҳам қабул қилинди. Жами 121 та мурожаатдан 49 тасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Шундан 27 та мурожаат қаноатлантирилди, 45 та шикоят ва ариза қонуний кўриб чиқиш учун қабул қилинди.
Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан тақдимнома ва илтимосномалар асосида озодликдан маҳрум қилиш ва ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган 26 нафар маҳкум жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.
Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 35 алимент ундириш ҳақида суд буйруғи чиқарилиб, дарҳол ижрога қаратилди. Қабул жараёнида ажрим ёқасига келган оилалар билан суҳбат ўтказилди, вояга етмаган фарзанди бўлган 4 та оила яраштирилди.
–Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро суди томонидан чиқарилган ҳал қилув қарорига нисбатан ижро варақаси берилмаганидан норози бўлиб қилган мурожаатим қабулнинг ўзида ижобий ҳал қилинди, –дейди фуқаро Шавкат Бафаев. –Суд қарори юзасидан ижро ҳужжати берилди.
[gallery-17940]
Иқтисодий ишлар бўйича судлар томонидан 157 та иқтисодий иш кўрилди. 141 таси бўйича даъво талаблари қаноатлантирилди ва даъвогарлар фойдасига 712.203.401 сўм ундирилиши белгиланди. Шу билан бирга 8 та тадбиркорлик субъектининг даъво аризаси тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилганлиги боис кўрилмасдан қолдирилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари