Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
250 дан ортиқ маданий мерос объектларининг реставрация ишларига 339 миллиард сўм маблағ сарфланган
15:50 / 2022-10-05

“Ўзбекистонда реставрация санъатини қайта тиклаш, маданий мерос ва ёдгорликларни асрашга доир долзарб масалалар” мавзусидаги семинар ўз ишини болади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, мамлакатимизда ҳозирги кунга қадар 8 минг 210 та моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объекти давлат муҳофазасига олинган бўлиб, шундан 4 минг 788 таси археология, 2 минг 265 таси архитектура объектлари, 625 таси монументал санъат асарлари, 530 таси диққатга сазовор жойлар ҳисобланади. Сўнгги уч йилда 250 дан ортиқ маданий мерос объектлари реставрация ва консервация қилинган. Мазкур объектларга давлат бюджетидан 339 миллиард сўм маблағ сарфланган. Бугунги кунда республикамизда 400 дан ортиқ уста-реставраторлар бор. 
 
Маданий мерос объектлари реставрацияси дирекциясининг минтақавий реставрация мактаблари ташкил этилиши белгиланган. Шу муносабат билан, Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги “Маданий мерос объектлари дирекцияси” давлат муассасасининг “Бухоро”, “Шаҳрисабз”, “Самарқанд”, “Термиз”, “Қўқон”, “Хива” минтақавий реставрация марказлари ташкил этилмоқда. 


 
Мазкур реставрация марказларининг асосий вазифаси маданий мерос объектларида илмий асосланган лойиҳалар асосида таъмирлаш-тиклаш ва консервациялаш ишларини олиб бориш, маданий меросимизни Ўзбекистонда ҳамда хорижда кенг тарғиб қилиш, унинг ноёб намуналарини сақлаб қолиш орқали келажак ёш авлодга етказишдан иборат. 
 
Шунингдек, эндиликда ҳар бир маданий мерос объектларининг реставрация ва консервация ишлари ушбу мактабнинг илмий хулосалари асосида амалга оширилади. 
 
Семинарда Бош вазир ўринбосари – туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов яқин вақтлар ичида Ўрта Осиё реставраторлари қурултойини ташкил этишни таклиф қилди. 
 
– Биз ушбу семинар орқали келгуси 10 йилликдаги мақсад ва вазифаларни белгилаб олиб, Ўзбекистон реставрация санъатини бутун дунёга тараннум этишни ният қилганмиз, – дейди А.Абдуҳакимов. – Ўйлайманки, бугунги тадбир ҳам соҳадаги янги билим ва кўникмаларни ўрганиш, ўзаро тажриба алмашинув учун катта майдон бўлади. 


 
Муҳайё Тошқораева, ЎзА