Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
25 йил аввал татбиқ этилган лойиҳа бугун миллий брендга айланди
10:40 / 2025-09-08

Ўзбекистон тўқимачилик саноати жаҳон бозорида тобора ўз мавқеини мустаҳкамлаб бормоқда. Бу жараёнда мамлакатимизда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “TextileExpo Uzbekistan” кўргазмаси муҳим аҳамият касб этади.

2004 йилдан буён ташкил этиб келинаётган мазкур кўргазма бу йил 25 йиллик юбилейни нишонламоқда. Унда тўқимачилик ва енгил саноатнинг бутун занжири: ип ва матодан тортиб тайёр маҳсулотга, аксессуарлардан логистика ва IT ечимларгача намойиш этилади.

Кўргазма лойиҳаси директори Азиза Алимованинг таъкидлашича, 2009 йилда илк бор жорий этилган “байерлик дастури” маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун жаҳон бозори эшикларини очиб берди.

– Ўтган 16 йил ичида Россия, Беларусь, Тожикистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Руминия, Польша каби мамлакатлардан икки мингдан ортиқ йирик харидор иштирок этди. Шу орқали кўргазмамиз миллий бренд сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлади, бу ерда шартномалар имзоланади, янги трендлар юзага келади. 2022 йилдан бошлаб “TextileExpo Uzbekistan” йилига икки марта: баҳор ва куз ойларида ўтказила бошланди. Шу боис мамлакатимиз бугунги кунда ўнлаб давлатларга тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилмоқда ва глобал бозорда ўз мавқеини мустаҳкамламоқда.

Бугунги кунга қадар кўргазмамизда 40 дан ортиқ мамлакатдан 3500 дан зиёд компания қатнашди ва 120 мингдан ортиқ мутахассис ташриф буюрди. Бунинг ўзи ҳам кўргазмамизнинг нуфузидан далолат. Биз учун энг муҳими,  кўргазма туфайли ишлаб чиқарувчилар янги имкониятлардан фойдаланиб, янги бозорларга чиқишидир. Давлат кўмаги ва кўргазма имкониятлари сабабли соҳа янада ривожланишига ишончимиз комил. Биз ҳамкасблар билан биргаликда бутун тўқимачилик саноати тараққиётига ҳисса қўшишдан мамнунмиз, – деди А.Алимова.

Таъкидлаш жоизки, “TextileExpo Uzbekistan” нафақат миллий бренд, балки жаҳон бозорида Ўзбекистоннинг тўқимачилик салоҳиятини намоён этаётган кучли драйвер сифатида ўзини тўла намоён этмоқда.

Насиба Зиёдуллаева,

ЎзА