Жорий йилнинг февраль ойида “Ўзэнергоинспекция” томонидан ўтказилган кенг кўламли назорат тадбирлари давомида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ва нефть маҳсулотлари сифатсизлиги билан боғлиқ қатор қонунбузилишлар аниқланди.
Инспекция ахборот хизматининг маълум қилишича, ўтган бир ой мобайнида истеъмолчилар томонидан энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланилган 301 та ҳолат фош этилган. Текширувлар натижасида 12,8 миллион кВт⋅соат электр энергияси (32,2 млрд. сўм) ҳамда 15,8 миллион метр куб табиий газ (42,6 млрд. сўм) талон-торож қилингани маълум бўлди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу қонунбузилишлар натижасида жами 74,8 миллиард сўм миқдорида зарар қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Шунингдек, энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ 550 та маъмурий иш расмийлаштирилиб, тегишли чоралар кўрилмоқда.
Айни пайтда нефть маҳсулотлари сифатини назорат қилиш йўналишида ҳам тизимли ишлар амалга оширилган. Таҳлиллар натижасида 25 та АЁҚШда 160 минг литр нефть маҳсулоти белгиланган талабларга жавоб бермаслиги аниқланиб, ушбу маҳсулотларнинг сотувга чиқарилишига йўл қўйилмади.
Таъкидлаш жоизки, бундай назорат тадбирлари энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш, бозорда сифатли ёқилғи айланишини назорат қилиш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА