English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни
19:43 / 2022-10-23

Термизда осайишталик посбонларига янги спорт мажмуаси туҳфа қилинди

Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармасининг ёпиқ турдаги замонавий спорт мажмуаси фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали маросимда давлат ва жамаот ташкилотлари вакиллари, фахрийлар, ички ишлар органлари ходимлари иштирок этди.  

Тадбирда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник А. Исмоилов, ИИБ фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги подполковник А. Шарофутдинов ва бошқалар кейинги йилларда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва кўрсатилаётган юксак эътибор Янги Ўзбекистонни ҳар тарафлама ривожлантириб, тинч, осайишта ҳаётимизни таъминлашга хизмат қилаётганини таъкидлади. Тадбир иштирокчиларини 25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни ва байрамга совға қилинган замонавий спорт мажмуаси билан табриклади.  

Президентимизнинг 2019 йил 17-18 октябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида берган топшириқлари ижроси доирасида бунёд этилган йирик мажмуада ички ишлар органлари ходимларининг мунтазам спорт билан шуғулланиб, тобланиши ва соғлигини мустаҳкамлаши учун барча шароит яратилган.  

Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағи ҳисобидан 6 миллиард 817 миллион сўм сарфланган янги мажмуада замонавий усулда жиҳозланган тренажёр зали, минифутбол, волейбол, баскетбол ўйинлари учун ёпиқ майдон барпо этилган. Юзга яқин ўринга эга томошабинлар жойи, амалий ўқ отишга мўлжалланган тир, йўриқнома ўтказиш хонаси, 25 ўринли ўқув синфида барча қулайлик мавжуд.  

Мамлакатимизда спортни янги босқичда ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ички ишлар органлари ходимларининг ҳам спорт билан мунтазам шуғулланиб, нуфузли мусобақаларда совринли ўринларни эгаллашида муҳим ўрин тутмоқда. Жумладан, сўнгги йилларда ходимларнинг 5 нафари жаҳон, 7 нафари Осиё ва 18 нафари Ўзбекистон чемпиони, деган шарафли номга сазовор бўлган. 30 дан ортиғи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўртасида ўтказилган беллашувларда ғолиб бўлган. Шунингдек, 20 нафар спорт устаси ва 36 нафар спорт усталигига номзод бор.

Тадбир доирасида вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари ўртасида 25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан спортнинг “Мини футбол” тури бўйича ўтказилган мусобақа ғолиб ва совриндорлари тантанали тақдирланди.  

Меҳмонлар муҳташам бинода яратилган шароитлар ҳамда ички ишлар органларида хизмат қилиб, спортнинг турли йўналишларида Жаҳон, Осиё ва Ўзбекистон мусобақаларида ходимлар эришган ютуқлар билан танишди. Кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.  

Тантанали маросимда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов иштирок этди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,  ЎзА