Иш берувчи ва ходим муносабатлари, бу борада қонун устуворлигини таъминлаш ҳақида қанчалик кўп гапирилмасин, барибир ходимлар ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар учрайди. Масала ҳатто судлашишгача бориб етади.
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимларига ҳам жорий йилнинг дастлабки 4 ойида жами 3,1 миллиард сўмлик иш ҳақларини ундириб бериш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари қайд этилган. Олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида 2,5 миллиард сўм иш ҳақини ундириб берилиши таъминланди.
– Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг 2023 йил 17 мартдаги суд буйруғида фуқаро Д.А.га “Қишлоққурилишбанк” АТБ Самарқанд филиалидан 30 миллион сўм иш ҳақини ундириб бериш кўрсатиб ўтилган, – дейди МИБ Самарқанд вилояти бошқармаси катта инспектори Адҳам Рашидов. – Мазкур ижро ҳужжати Самарқанд шаҳар бўлими иш юритувига келиб тушган. Буйруқ ижросини таъминлаш борасида олиб борилган ҳаракатлар давомида иш ҳақи қарздорлиги даъвогарга ундириб берилиши таъминланди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА