Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
243 мингдан ортиқ объект солиқ қарздорлиги туфайли расмийлаштирилмаяпти: энди тартиблар енгиллаштирилмоқда
13:23 / 2025-12-24

Қонун лойиҳасига шарҳ

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасига кўра, 2024 йил ноябрда кучга кирган “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун талаблари янада соддалаштирилмоқда.  

2028 йил 1 январга қадар амал қиладиган ушбу муддатли қонунга кўра, фуқароларнинг йиллар давомида ҳал бўлмай келган уй-жой ва ерга доир муаммоларини ҳал қилиш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, мерос масалаларига ечим топиш имконияти яратилди.

Адлия вазири ўринбосари Миржалол Аллақулиевнинг қайд этишича, бир йил давомида 1 млн.дан ортиқ объект ялпи хатловдан ўтказилди, 27 минг 761 та объектга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилди.

Энди назарда тутилаётган ўзгартиришларга кўра, битта объект бўйича якуний хулоса бериш муддати 150 кундан 50 кунга қисқартирилмоқда. Жумладан, ваколатли ташкилотларга — 20 кун, жамоатчилик муҳокамаси учун — 10 кун, адлия органлари томонидан кўриб чиқилиши учун — 20 иш куни назарда тутилмоқда. Натижада аризалар тезроқ кўриб чиқилади, сунъий чўзилишлар бартараф этилади, тули сарсонгарчиликларнинг олди олинади.  

Адлия вазири ўринбосарига кўра, амалиётда объектларга нисбатан ҳуқуқни эътироф этишга тўсқинлик қилаётган энг катта муаммолардан бири — солиқ ва тўлов масаласи эди. Хусусан, ҳозирги ҳолатда 243 мингдан ортиқ объектда солиқ қарзи бор. Оқибатда уларни расмийлаштириш масаласи қонун доирасида ҳал бўлмай қолмоқда.

Янги таклифларга кўра, солиқ қарзи БҲМнинг 30 бараваридан ошмаса (12,3 млн. сўм), ҳуқуқ эътироф этилиши мумкин. Бир марталик тўлов 20 иш кунида амалга оширилса, 50 фоиз чегирма тақдим этилади. Шунингдек, тўловни 1 йилдан 3 йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилмоқда.

Бундан ташқари, ортиқча эгалланган ер учун ҳам адолатли тўлов масаласи кўзда тутилмоқда.

Қурилиши тақиқланган ҳудудга қисман тушган объектлар учун ҳам ечим берилмоқда. Яъни, бино ва иншоотлар қурилиши тақиқланган ҳудудда жойлашган бўлса, уни тўлиқ рад этмасдан тақиқланган ҳудудга тушган қисмни чегириб ташлаб, қолган қисмига нисбатан ҳуқуқларни эътироф этиш кўзда тутилмоқда.  

Космик суратлар йўқ ҳолатда муқобил аниқлаш тартиби жорий этилиши кўзда тутилмоқда. Яъни, қонунда кўрсатилган муддатга энг яқин бўлган олдинги ва кейинги космик суратлар асосида хулоса берилиши назарда тутилмоқда.  

Бир сўз билан айтганда, ушбу қонун лойиҳасида кўзда тутилаётган нормалар фуқаролар ва тадбиркорларнинг кўчмас мулкларига нисбатан қисқа муддатларда кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилишига, фуқаролар ўртасидаги мулкий низолар, шу жумладан мерос билан боғлиқ низоларга ечим топилишига хизмат қилади.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА