Сирдарё вилоятида аҳоли ва корхоналарни барқарор электр энергияси билан таъминлаш, мавсумий юкламалар даврида истеъмолчиларда узилишлар юзага келмаслиги учун қатор профилактик ва ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Қиш мавсумида электр энергиясига талаб ошиши ва тармоқларда турли носозликлар хавфи юзага келиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ нинг Сирдарё ҳудудий филиали ҳамда туман-шаҳар электр таъминоти корхоналарида 24 соатлик навбатчилик тизими ташкил этилди.

Юзага келиши мумкин бўлган носозликларни тезда бартараф этиш мақсадида 140 нафар мутахассисдан иборат 31 та авария бригадаси шакллантирилди. Улар махсус техника, зарур асбоб-ускуналар ва мобил алоқа воситалари билан таъминланган.

— Бугунги асосий мақсадимиз — истеъмолчилар учун электр таъминотида узилишларга йўл қўймаслик, — дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Сирдарё ҳудудий филиалининг умумий масалалар бўйича директор ўринбосари вазифасини бажарувчи Ойбек Маматқулов. — Шунинг учун профилактик ишлар кучайтирилди, барча туман ва шаҳарларда навбатчилик жадвали жорий этилди. Тезкор бригадаларимиз ҳар қандай мурожаатга бир неча дақиқа ичида жавоб бера олади. Бизнинг вазифамиз — мавсумни барқарор, беталофат ва юқори масъулият билан ўтказиш.

Шу билан бирга, филиал томонидан электр узатиш линияларида профилактик кўриклар ўтказиш, трансформатор пунктларини диагностикадан ўтказиш, юклама даражасини кузатувчи замонавий мониторинг тизимларини ишга тушириш ишлари давом этмоқда.

Мавсумий тайёргарлик доирасида амалга оширилаётган бу чора-тадбирлар аҳоли ва tadbirkorlar учун барқарор энергия етказиб беришга қаратилган бўлиб, қиш давомида тармоқларнинг узлуксиз ишлашини таъминлашга хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири