Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2,4 миллиард сўмлик пиротехника воситалари қўлга олинди
14:50 / 2021-12-12

Ҳадемай янги йил байрами бошланади. Байрам яқинлашгани сайин эса пиротехника воситаларининг ноқонуний муомаласи авж олаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Бундай шароитда давлат божхона хизмати органлари зиммасидаги масъулият янада ортади. Четдан қараганда пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши кураш янги йил арафасида кучайтирилгандек туюлади. Лекин бу иллатга қарши кураш йил бўйи олиб борилади.   

Чунки "қиш ғамини ёзда е", нақлини қўштирноқ ичида қўллашга уринаётган сохта тадбиркорлар пиротехника воситаларини аввалдан олиб кириб, ғамлаб қўйишга уриниши бор гап.  

Жорий йил 3 декабрь куни Тошкент шаҳар божхона бошқармаси тезкор тузилмалари томонидан фош қилинган қонунбузарлик ҳолатида аввалдан кузатувга олинган шахс бошқарувидаги юк автотранспорт воситасига ортилган мевалар орасига 1000 донадан зиёд салютлар яширилганлиги фош бўлди.  

Қизиғи шундаки, хавфлиликнинг II даражасига мансуб мазкур пиротехника воситалари шу вақтга қадар лицензияга эга бўлган юридик шахслар томонидан очиқчасига сотувга чиқариб келинган эди.  

Эндиликда бу муаммо ҳам бартараф этилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 1 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида пиротехника буюмлари муомаласи соҳасида давлат назоратини кучайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги  қарорига мувофиқ, хавфлиликнинг II классига тегишли маиший пиротехника буюмларининг жисмоний ва юридик шахслар томонидан муомаласи тақиқланади. 

Биз одатда “пақилдоқ”, дейишга одатланиб қолган петардалар бир қарашда безиёндек туюлса-да, бу матоҳ болажонларимиз қўлига тушиб қолса, уларнинг соғлиги учун жиддий хавф туғдириши аниқ. 

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан сўнгги кунларда аниқланган қонунбузилиши ҳолатларида 1 миллион донадан зиёд пиротехника воситалари қонунбузарлардан олиб қўйилди. Афсуски, бу каби ҳолатлар фақатгина Тошкент шаҳрида кузатилаётгани йўқ.  

Жорий йил 29 ноябрь куни  Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Ғишткўприк” чегара божхона постидан пиёда равишда кириб келган қўшни давлат фуқароси 562 дона пиротехника воситасини бош кийими, чўнтакларига яширганча олиб киришга уринган вақтида тўхтатиб қолинди.  

Бозорнинг оддий қонуни бор: талаб бўлмаса, таклиф бўлмайди! Модомики, сиз, биз, барчамиз пиротехника воситаларидан ёппасига воз кечишга ўзимизда ирода топа олсак, бунинг ортидан мўмай даромад орттираётган сохта тадбиркорларнинг ҳам касодга учраши табиий! Демак,  улар пиротехника воситаларини олиб киряптими, уни пуллашга, одамлар барибир сотиб олишига ишончи бор экан-да, деган ҳақли фикр туғилади.   

Фарғона вилояти божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда Фарғона туманидаги хонадонлардан бири белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, бу ерда муқаддам божхона назоратини четлаб, айланма йўллар орқали олиб кирилган, хорижда ишлаб чиқарилган, божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 2 турдаги 168 дона салют сақланаётгани аниқланди.  Уларнинг умумий қиймати эса 96 миллион сўм. Эссиз, шунча маблағ. 

Бу каби ҳолат Марғилонда ҳам қайд этилди. Аввалдан кузатувга олинган шахс бошқарувидаги “Ласетти” автомашинаси тўхтатилиб кўздан кечирилганида, унинг  юкхонаси ва салонида 4 турдаги жами 15 минг 160 дона пиротехника воситаси борлиги аниқланди. Уларнинг умумий қиймати эса салкам 113 миллион сўмни ташкил қилади.  
Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси тезкор тузилмалари томонидан давлат хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда Узун туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида эса, (минг афсуски) мактаб ўқувчиси 14 минг дона пиротхеника воситаларини сотишга уринган вақтида тўхтатиб қолинди. Аслида бу жуда ҳам оғриқли ҳолат! Ўз навбатида, бу пиротехника воситаларининг зарарли оқибатлари ҳақида ёшлар орасида тарғиботнинг самарали ва таъсирчан усуллари қўлланилмаётганидан далолат.

Шунингдек, мазкур вилоятда фуқаро Ф.Сафармаҳмадов 6 минг 483 дона, фуқаро С.Абдуҳолиқов эса 16 минг 500 дона пиротехника воситасини сотмоқчи бўлганида тўхтатиб қолинди.  

Қашқадарё вилояти божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан бошқа идора вакиллари билан ҳамкорликда олдиндан олинган тезкор маълумот асосида Қарши шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Аҳмедов 6000 дона пиротехника воситасини қонунга зид равишда сотмоқчи бўлган вақтида тўхтатиб қолинди. Шунингдек, унинг уйида ҳам келгусида сотиш мақсадида 7 минг 200 дона пиротехника воситаси ноқонуний сақланаётганлиги фош бўлди.  

Бу каби ҳолат вилоятнинг Чироқчи туманида ҳам қайд этилди. Кўкдала қишлоғида фуқаро  Абдурашидовнинг хонадонида унинг жиянига тегишли 18 минг дона пиротехника воситаси сақланаётгани аниқланди. Уларнинг умумий қиймати салкам 11 миллион сўмни ташкил қилди. 

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан Самарқанд шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро С.Жўраев бошқарувидаги “Ласетти” русумли транспорт воситасидан қиймати 9 миллион 700 минг сўмлик, жами 11 минг 428 дона пиротехника воситаси борлиги аниқланди.  

Хоразм вилоятида эса божхоначилар 2 та ҳолатда салкам 19 миллион сўмлик 17 минг дона пиротехника воситаларини сотишга уринган шахсларни тўхтатиб қолди. 

Аҳамият беринг, 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида республикамиз божхоначилари томонидан пиротехника воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ 120 дан ортиқ қонунбузарлик ҳолатлари фош қилинди. Натижада 3 миллион 658 минг донадан зиёд пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.  

Мазкур ҳолатларда олиб қўйилган ва сўзсиз йўқ қилинадиган пиротехника воситаларининг умумий қиймати салкам 2.4 миллиард сўмни ташкил қилади. Пиротехника воситалари асосан четдан валюта эвазига келтирилишини инобатга олсак, демак, 200-225 минг АҚШ доллари қийматидаги валюта ҳавога соврилди, дейиш мумкин. Ваҳоланки, бу маблағни тадбиркорликнинг ҳалол ва хайрли йўлларига сарфлаш мумкин эди.  

Ҳозирда юқоридаги барча ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда. 

Ҳусан Тангриев,  
ДБҚ матбуот хизмати бош инспектори