Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
24-29 сентябрь кунлари Тошкент халқаро бошқарув форуми бўлиб ўтади
16:11 / 2021-09-22

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Банк-молия академияси проректори Фазилат Юнусова иштирокида бўлиб ўтган брифингда маълум қилинди.

Қайд этилишича, Тошкент халқаро бошқарув форуми Ўзбекистон ишбилармон доиралари ҳаётида шу йил куз фаслининг асосий воқеаси бўлади. Тадбир молия соҳасидаги асосий олий таълим муассасаси - Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси томонидан ташкил этилмоқда. Ҳамкорлар орасида Россия директорлар институти, Қозон (Волга вилояти) федерал университети ва Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Россия халқ хўжалиги ва давлат бошқаруви академиясининг корпоратив бошқарув олий мактаби мавжуд. Бош ҳамкор “Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” АЖ форумни ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда.

Форумнинг мақсади–давлат ва хусусий компаниялар, банклар ва молия ташкилотлари раҳбарлари, кичик ва ўрта бизнес вакилларини бошқарув ва лидерлик соҳасидаги илмий-амалий тадқиқотларнинг сўнгги натижалари билан таништириш, уларнинг малакасини бизнес самарадорлигини оширувчи амалий кўникма ва воситалар билан бойитишдан иборат.

Форум икки ялпи мажлис ва саккизта интенсив маҳорат дарсларидан иборат. Ўзбекистон Республикаси давлат компаниялари ва давлат органлари ходимларининг қамровини кенгайтириш мақсадида ялпи мажлисларда онлайн иштирок этиш бепул бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 июндаги “2020-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги  қарорида Академия банк - молия соҳаси учун бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича юқори малакали мутахассислар ҳамда раҳбар кадрларни тайёрлаш, шунингдек, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича таянч олий таълим муассасаси сифатида белгиланган.

Тошкент халқаро бошқарув форуми давомида Қозон (Волга вилояти) федерал университети билан биргаликда бакалавр ва магистратура учун иқтисодиёт (молия ва кредит) мутахассисликлари ва молиявий таҳлил магистратура йўналиши бўйича қўшма таълим дастурларининг тақдимотлари бўлиб ўтади. Ўқув ҳар икки университетнинг профессор-ўқитувчилари иштирокида, аралаш шаклда, юзма-юз ва онлайн тарзда ўтказилади.

Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Россия халқ хўжалиги ва давлат бошқаруви академиясининг Корпоратив бошқарув олий мактаби Банк-молия академияси билан биргаликда "Евроменежмент" мутахассислиги бўйича Германия дастурига мувофиқ бизнес мактаблари ассоциацияси (АМВА) томонидан аккредитация қилинган немис ва рус дипломларига эга магистр даражасини очмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон таълим хизматлари бозорида ҳам ўхшаши йўқ бизнес бошқаруви доктори (DBA) дастури очилмоқда.

 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА