Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
230 ҳолатда автобус оралиқ бекатлари ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган
18:54 / 2023-08-23

Пойтахтимизда Кадастр агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан жорий йил 6 ойида амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Қайд этилганидек, Кадастр агентлигининг асосий вазифаларидан бири ер ва кадастр назорати ишларини амалга ошириш ҳамда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлашга эришиш ҳисобланади.  

Кадастр агентлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармалари, унинг туман бўлимларига жисмоний ва юридик шахслардан жами 5 минг 638 та электрон, ёзма ва оғзаки мурожаат келиб тушган. Соҳага оид масалалар юзасидан 6 та туманда сайёр қабул ўтказилди. Бунда жами 38 та мурожаат ўрганиб чиқилган, уларнинг 23 таси ижобий ҳал этилган ва 15 таси бўйича тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилган. 

Ер назорати бўйича 6 ой давомида Ер ва кадастр назорати бўлимлари инспекторлари томонидан Тошкент шаҳри туманлари ҳудудларида умумий 837 та ер қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. 

Бунда ўзбошимчалик билан ер майдонларини эгаллаб олиш юзасидан 370 та ҳолатда 10 миллиард 905 миллион 150 минг сўм, Ер тузиш лойиҳаларидан ўзбошимчалик билан четга чиқиш, давлат ер кадастри юритиш қоидаларини бузиш юзасидан 22 та ҳолатда 26 миллион 340 минг сўм ҳамда давлат рўйхатидан ўтмаганлик юзасидан 445 та ҳолатда 1 миллиард 449 миллион сўм жарима қўлланилган.  

Жами 837 нафар қоидабузарга нисбатан  12 миллиард 380 миллион 490 минг сўм жарима қўлланилиб, шундан фуқароларнинг мурожаатларига кўра суд органлари томонидан 1 миллиард 517 миллион сўмга жарима суммаси камайтирилган.  

Шунингдек, тадбирда Тошкент шаҳрида жойлашган автобус оралиқ бекатларида амалга оширилаётган хатлов ишлари хусусида ҳам маълумот берилди.  

Таъкидланганидек, бугунги кунда Кадастр агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси ва Тошкент шаҳар Транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси билан биргаликда Тошкент шаҳрида жойлашган оралиқ автобус бекатларида хатлов ишлари ўтказилиб, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонлари ва унда қурилган қурилмаларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.  

Жумладан, жами 653 та автобус оралиқ бекатлари хатловдан ўтказилди. Шундан, 230 та ҳолат бўйича ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари аниқланиб, 24 та ҳолатдан аниқланган ер қонунбузилиш ҳолатлари ихтиёрий бартараф этилди. 47 та ҳолат бўйича ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонларини бўшатиш юзасидан судларга даъво аризалари киритилди. Киритилган даъво аризаларидан 41 таси қаноатлантирилди.    

Гулноза Бобоева, ЎзА