Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
23 йиллик танаффусдан сўнг
20:07 / 2023-08-23

Осиё чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичида илк маротаба мамлакатимизнинг тўртта клуби иштирок этадиган бўлди.

Ўзбекистон суперлигасининг охирги турида асосий рақобатчиси “Пахтакор” клубига ўз майдонида ютқазган “Навбаҳор” жамоаси минглаб мухлислар олдида Осиё чемпионлар лигасининг саралаш босқичидан ўтиши зарур эди. Ушбу масъулиятли ва шарафли вазифани адо этиш ниятида Лочинлар Қатар томон йўл олишди.  

“Жаҳон чемпионати – 2022”нинг бир қатор ўйинлари ўтказилган Ал-Вакра шаҳридаги муҳташам “Ал-Жунуб” стадионига белгиланган ушбу “плей-офф” учрашувида Самвел Бабаян шогирдлари маҳаллий “Ал-Вакра” клубига қарши майдонга чиқди. 120 дақиқа кечган шиддатли баҳсда 1:0 ҳисобида тарихий ғалабага эришган “Навбаҳор” 23 йиллик танаффусдан сўнг яна халқаро майдонларга қайтди.  

Таъкидлаш жоизки, ушбу беллашувни “Навбаҳор”ни қўллаб-қувватлаш мақсадида Намангандан Қатарга келган 200дан зиёд мухлис ҳамда араб давлатида меҳнат фаолиятини олиб бораётган ўнлаб ҳамюртларимиз ўйингоҳдан туриб кузатиб борди. Қолаверса, Наманган шаҳридаги “Марказий” стадионга ўрнатилган катта экранда 30 мингдан ортиқ ишқибоз тўғридан-тўғри томоша қилди. Учрашувнинг асосий 90 дақиқасида гоҳ у, гоҳ бу жамоа қатор хавфли вазиятларни вужудга келтириб, ғалаба тақдирини ҳал қилишга уринди.  

Учрашувнинг кутилмаган ҳолати 80-дақиқада юз берди. Қатарлик Холид Шураб иккинчи бор сариқ карточка олгач, майдондан четлатилди. Натижада майдондаги устунлик “Навбаҳор” томонига ўтди. Беллашувнинг асосий вақтида ҳисоб очилмагач, япониялик бош ҳакам Хира Юки Кимура жамоаларни “экстра-таймларга” чорлади. Қўшимча 30 дақиқалик қарама-қаршиликнинг дастлабки бўлимини шиддатли тарзда бошлаган “Лочинлар”нинг парвози 98-дақиқада ўз натижасини берди. Шаҳбоз Жўрабековнинг чап қанотдан жарима майдончаси ичига оширган тўпини захирадан ўйинга тушган Дониёр Абдуманнопов дарвозани ўткир бурчак остидан аниқ зарба бериб, гол уришга эришди.  

Маълумот ўрнида, “Пахтакор”, “Насаф”, Навбаҳор” ва “ОКМК” жамоалари беллашадиган Осиё чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичига шу йил 24 август куни қуръа ташланади.  

Оқилхон Дадабоев, ЎзА