Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
23 январь – Ўзбекистон ва Миср ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилган кун
23:40 / 2024-01-23

Дунёнинг етти мўъжизасидан бири – эҳромлар макони бўлмиш Миср инсоният цивилизацияси маркази сифатида бугун ҳам улкан салоҳиятга, мавқега эга. Ўзаро илиқ, дўстона муносабат қадим тарихга бориб тақаладиган Ўзбекистон ва Миср бир-бирини мустақил ва халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида тан олган. Миср Африка қитъасидаги энг йирик сиёсий-иқтисодий ҳамкоримиз ҳисобланади. Ўзбекистон ҳам Миср учун Марказий Осиё минтақасидаги кучли стратегик шерик. Икки давлатни тарихий-маданий муштараклик, анъанавий дўстлик, яқин ҳамкорлик бирлаштириб туради.

Миср Араб Республикаси мустақиллигимизни 1991 йил 26 декабрда эътироф этган. Дипломатик муносабат 1992 йил 23 январда ўрнатилган. 1993 йил майда Тошкентда Миср элчихонаси очилди. Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси 1994 йил декабрь ойидан фаолият юрита бошлади.

Ўтган давр мобайнида мамлакатларимиз бир-бири манфаатини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилиш тамойилига асосланган самарали шерикликни изчил ривожлантириб келмоқда. Бундай муносабатга халқларимизнинг тарихий ва маънавий яқинлиги, ўзаро алоқаларнинг 60 га яқин ҳужжатдан иборат мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий базаси асосдир.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Миср Президенти Абдулфаттоҳ Ас-Сисининг 2018 йил 4-5 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган тарихий аҳамиятга эга олий даражадаги музокаралари ўзаро муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди. Икки давлат раҳбарлари ўртасида ўрнатилган самимий ва ишончли сиёсий мулоқот турли шаклдаги тадбирлар доирасида изчил қўллаб-қувватланяпти. Улар 2022 йил февраль ойида Пекин шаҳрида Қишки Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими доирасида ҳам учрашган.

Давлатимиз раҳбари Абдулфаттоҳ ас-Сиси таклифига биноан, 2023 йил 20-21 февраль кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди.

Музокаралар чоғида етакчилар икки томонлама муносабат изчил ривожланиб бораётгани, кенг сиёсий мулоқот фаоллашгани, БМТ, ИҲТ, ШҲТ ва Қўшилмаслик ҳаракати каби халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро кўмаклашилаётгани, парламентлараро алоқа жадаллашганини мамнуният билан қайд этдилар.

Томонлар коррупцияга, хавфсизлик соҳасидаги замонавий хатар ва таҳдидларга қарши курашишда тажриба алмашишдан, Афғонистонни барқарорлаштириш ва қайта тиклаш бўйича халқаро ташаббусларни қўллаб-қувватлашдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Президентлар давлатимиз раҳбарининг ташрифи арафасида ўтган Ўзбекистон – Миср ишбилармонлик тадбирлари якунини юксак баҳоладилар.

Ўзаро инвестиция жалб қилиш учун қулай шароит яратишга келишиб олинди. Икки мамлакат иқтисодиёти бир-бирини тўлдирувчи хусусиятга эгалигидан келиб чиқиб, беш аниқ йўналиш – газ-кимё, тўқимачилик, электротехника, заргарлик ва фармацевтика тармоқларида ҳамкорлик қилиш чоралари белгилаб олинди.

Саноат кооперациясини ривожлантириш ва юқори рентабелли қўшма ишлаб чиқариш ташкил этиш мақсадида Ўзбекистондаги эркин иқтисодий зоналар имкониятидан фойдаланиш таклиф қилинди.

Энергетика соҳасида қўшма лойиҳалар амалга ошириш, шунингдек Ўзбекистон ва Мисрни боғлаб турган транспорт йўлакларини кенгайтириш чоралари ҳам муҳокама қилинди.

Маданий-гуманитар ва диний алоқаларни ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди. Араб тили мутахассислари тайёрлаш бўйича ҳамкорлик юзасидан келишувга эришилди. Ўзбекистон Президенти 2024 йил Арабшунослик глобал форумини биргаликда ташкил этиш ташаббусини илгари сурган.

Сўнгги йилларда парламентлар, вазирлик, идоралар, ишбилармон доиралар ҳамкорлиги сезиларли даражада фаоллашган. Ўзбекистон ва Миср парламентларида дўстлик гуруҳлари фаолият олиб боряпти, ташқи ишлар вазирликлари ўртасида мунтазам сиёсий маслаҳатлашув механизми яратилган. Ўзбекистон-Миср қўшма комиссияси ва Ўзбекистон-Миср ишбилармонлар кенгаши иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни амалга ошириб келяпти.

Ўзбекистон ва Миср БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Араб давлатлари лигаси, ШҲТ каби халқаро тузилмалар доирасида ўрнатилган самарали муносабат доирасида бир-бири ташаббусларини фаол қўллаб-қувватлайди. Кўпгина халқаро масалалар бўйича мамлакатларнинг қараши, ёндашуви ўхшаш ёки яқин.

Бугунги кунда Ўзбекистонда бўлгани каби, Мисрда ҳам кенг кўламли демократик ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилаётгани, айни жараён барқарор ва тинч тараққиётга, фаровонликни юксалтиришга интилаётган мамлакатларни бирлаштирувчи омил бўлаётганини таъкидлаш лозим.

Шу нуқтаи назардан кўп қиррали Ўзбекистон-Миср муносабатларини ривожлантиришда савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади. Икки давлат ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш учун салмоқли салоҳиятга эга ҳамда ушбу имкониятлардан самарали фойдаланишдан манфаатдор. Сўнгги йилларда ишбилармон доиралар вакиллари иштирокида мунтазам ўтказиб келинаётган бизнес-форумлар, тадбиркорлар делегацияларининг ўзаро ташрифлари, ўзсиб бораётган товар айирбошлаш кўрсаткичи ҳам шундан далолат.

Бугунги кунда мамлакатимизда Миср капитали иштирокида қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, фармацевтика ва бошқа соҳаларда корхоналар ташкил этилиб, муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Юртимизда яратилган қулай муҳит сармоявий ҳамкорликни  ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Масалан, Тошкент вилоятидаги “Бўстонлиқ-фарм” эркин иқтисодий зонасида “Solyphar”  компанияси билан бирга фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи завод қуриш лойиҳаси амалга ошириляпти. Қашқадарё ва Наманган вилоятларида “One World Pharma” ва “Kapo Agri” билан хамкорликда “C” гепатитига қарши ва балиқчилик соҳаси учун дори воситалари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ишлари олиб бориляпти. “Orascom Telecommunications and Construction”, “Al Madani Construction”, “One World”, “Toshiba-Al-Arabi”, “Al Suwaidi Electrics” каби йирик компаниялари Ўзбекистон билан шерикликни йўлга қўйишдан  манфаатдор эканини билдирган.

Савдо соҳасидаги имкониятлар доираси ҳам жуда кенг. Ўзбекистон Миср бозорига талаб юқори бўлган электротехника, машинасозлик, металлургия, кимё ва нефть-кимё, енгил саноат, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилиши мумкин. Миср эса мамлакатимизга дори-дармон, тиббий асбоб-ускуна, мебель, мармар, нефть-кимё ва чарм-пластмасса маҳсулотлари етказиб бериш, турли хизматлар кўрсатиш имконига эга.

Миср туризм соҳасида улкан салоҳият ва тажрибага эга. Ўзбекистон ҳам қадимий шаҳарлари, мўътабар қадамжолари билан дунёга машҳур. 2018 йил сентябрь ойида имзоланган туризм соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битим ушбуйўналишдаги муносабатларни изчил ривожлантиришга янги суръат бағишлади. Айни пайт Миср бундай муносабатни янада фаоллаштириш тарафдори.

Мисрлик туроператорлар Ўзбекистонда ўтказиладиган халқаро сайёҳлик ярмаркаларининг анъанавий иштирокчиси ҳисобланади. Хусусан, 2019 йил февраль ойида Бухорода бўлиб ўтган Зиёрат туризми бўйича биринчи халқаро форум, Самарқанд шаҳрида 2022 йил ноябрь ойида ўтказилган Зиёрат туризми ҳафталиги ва 2023 йил 16-20 октябрда бўлиб ўтган Жаҳон туризм  ташкилоти (UNWTOБош ассамблеясининг тарихий 25-йиғилишида Мисрдан юқори даражадаги вакиллар иштирок этганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Мамлакатларимиз ҳамкорлигида диний-маърифий ришталар алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистон ва Миср бағрикенглик тамойилини, муқаддас ислом динининг маърифий қадриятларини тарғиб қилиш, инсонпарварлик моҳиятини асраб-авайлаб, диний-маънавий меросни тадқиқ этиш, турли таҳдид ва хавфларга қарши биргаликда курашиш тарафдори.

Бу борада давлатларимиз кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда. Миср ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк алломаларимиз Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий, Маҳмуд Замаҳшарийнинг бебаҳо илмий меросини ўрганиш муҳимлигини эътироф этади.

Ўрта асрларда Нил дарёсидаги сувнинг ҳажми ва оқими тезлигини ўлчайдиган “Миқёси Нил” қурилмасини ихтиро қилган буюк олим, мутафаккир Аҳмад Фарғоний Мисрда алоҳида эъзозланади. Эътиборли жиҳати, ушбу иншоотдан бугунги кунда ҳам фойдаланиляпти. Буюк бобомиз ўз кашфиёти билан нафақат жаҳон илм-фани ривожига, балки Ўзбекистон ва Миср халқлари ўртасидаги анъанавий дўстликни мустаҳкамлашга ҳам улкан ҳисса қўшган.

Коҳира марказида мисрликлар миннатдорлиги тимсолига айланган Аҳмад Фарғонийнинг муҳташам ҳайкали қад ростлаган.

Миср Ўзбекистонда Халқаро ислом академияси, Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази, Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилганини олқишлади. Таркибида исломшунослик академияси, университет, институтлар, жоме масжиди ва илмий марказлар жамлаган, дунёдаги энг нуфузли диний марказлардан бири бўлган “Ал-Азҳар” мажмуаси билан имзоланган ҳамкорлик меморандумлари дин арбоблари, олимлар, тажрибали ўқитувчилар ва иқтидорли талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини очиб беришда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик”, “Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва барқарор тарақиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” каби махсус резолюцияларга Миср ҳаммуаллифлик қилган, ушбу ташаббусларни қўллаб-қувватлаган.

Маданият, фан, таълим ва санъат соҳаларида фаол алмашинув амалга ошириляпти. Икки мамлакатнинг ижодий жамоалари, спортчилари, мутахассислари Ўзбекистон ва Мисрда ўтказилаётган турли йирик халқаро тадбирлар – фестиваллар, ярмаркалар, тақдимотлар, кўрик-танлов ва анжуманлардамунтазам иштирок этади.

Ҳамкорлик йилларида Ўзбекистондан минглаб мутахассис Миср тараққиёт агентлиги томонидан ташкил этилган дипломатия, хавфсизлик, бизнес, банк иши, транспорт, тиббиёт, араб тили каби турли йўналишлар бўйича малака оширди.

Муҳаррама Пирматова тайёрлади.

ЎзА