Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
23 турдаги маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқарилди
19:23 / 2021-06-30

Бугунги кунда “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти тармоқ корхоналарининг маҳаллийлаштириш дастурларини шакллантиришда асосий эътиборни иқтисодиётнинг базавий тармоқлари ва ҳудудларда импорт ўрнини босувчи ҳамда ички ва ташқи бозорларда харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилмоқда.

Буни 2020 йил мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, республикамизга кириб келаётган кимёвий маҳсулотлар импортини қисқартириш ҳисобига жамият корхоналари томонидан 23 турдаги 965,48 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган эди. Амалда бу кўрсаткич йил якуни бўйича 23 турдаги 1 342,8 миллиард сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Бу режага нисбатан 139,1 фоизни ташкил этди. Шундан 22,91 миллион долларлик маҳсулот экспортга йўналтирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз борди.

Унда “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Жўрабек Мирзамаҳмудов, Тошкент кимё технология илмий-тадқиқот институти директори Абдулаҳад Жалилов ва бошқалар жамият томонидан маҳаллийлаштириш дастури доирасида амалга оширилган ишлар таҳлилига эътибор қаратар экан, тармоқ корхоналарида ишлаб чиқарилиши маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар бўйича республикамиз корхоналари билан кооперация алоқаларини кенгайтириш ҳамда импортни қисқартиришга эришиш мумкинлигини қайд этди.

– Шу сабабли, мамлакатимизга импорт асосида кириб келаётган кимёвий маҳсулотлар доимий таҳлил қилиб борилмоқда, – деди Жўрабек Мирзамаҳмудов. 

– Тармоқ корхоналари мутахассислари республикамиз илмий-тадқиқот институтлари олимлари билан ҳамкорликда импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни маҳаллийлаштириш борасида доимий изланиш олиб бормоқда. 

[gallery-2975]

Аввало, “Ўзкимёсаноат” АЖ тармоқ корхоналарининг маҳаллийлаштириш дастури ижросини таъминлашда иқтисодий-базавий тармоқлар ва ҳудудларда импорт ўрнини босувчи, ички ва ташқи бозорда харидоргир бўлган маҳсулотлар таҳлил қилинади. 

Таҳлил асосида лойиҳалар ишлаб чиқилади. Бугунги кунда талаб ва таклифлар асосида дастур доирасида 17 турдаги маҳаллийлаштирилган маҳсулот тўлиқ маҳаллий хомашёлар асосида ишлаб чиқарилди. Саноат кооперацияси доирасида 2020 йилда жами 7 турдаги 592,5 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган. 

Хусусан, тоғ-кон саноати учун 2,01 минг тонна тиомочевина, 37,1 минг тонна натрий циан тузи, 5,2 минг тонна модификацияланган ғовакли селитра, шиша саноати учун 4,7 минг тонна натрий нитрати, лак-буёқ саноати учун 800 тонна этилацетат, халқ хўжалиги ва саноат сувларини тозалаш соҳаси учун 54,6 тонна учламчи натрий фосфати кабиларни мисол қилиш мумкин.

Анжуманда жамиятнинг жорий йилги маҳаллийлаштириш дастури доирасида бажариладиган ишлари бўйича ҳам сўз юритилди.

– 2021 йилда “Ўзкимёсаноат” АЖ корхоналарида 26 турдаги 1 467,1 миллиард сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. Жорий йилнинг январь-май ойларида 25 турдаги 544,1 миллиард сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган бўлса, амалда 24 турдаги 715,6 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб , шундан 12,32 миллион долларлик маҳсулот экспортга ва 779,6 миллиард сўмлик маҳсулот ички бозорга реализация қилинди, – деди жамият бошқаруви раиси Жўрабек Мирзамаҳмудов.

Тадбир давомида биринчи ярим йиллик, йил якунлари бўйича режа ва кўрсаткичлар маълум қилинди. Жорий йилда “Ўзкимёсаноат” АЖ тармоқ корхоналарининг импортини қисқартириш мақсадида ўз эҳтиёжлари учун 6 турдаги 9,91 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши, 2021-2026 йилларга мўлжалланган маҳаллийлаштириш дастури шакллантирилаётгани юзасидан ҳам атрофлича маълумот берилди.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА