Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
23 та ноёб илон табиат қўйнига қайтарилди
13:55 / 2025-07-16

Ёввойи ҳайвонларнинг табиий яшаш муҳитини сақлаб қолиш ва уларни қайта табиий ҳаётга қайтариш — атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги устувор йўналишлардан биридир. Айниқса, йўқолиб кетиш хавфи остида турган ва “Қизил китоб”га киритилган жониворлар борасида бу ёндашув ниҳоятда муҳим.

Шу мақсадда Сурхондарё вилоятида экология соҳасидаги мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлар натижасида ноёб ва ҳимояга муҳтож илонлар табиатга қайтарилди. 

Сурхондарё вилояти Экология бошқармаси, вилоят Миллий гвардияси бошқармаси ва Ўзбекистон Фанлар академияси Зоология институти мутахассислари ҳамкорлигида 6 бош Ўрта Осиё кобраси ва 17 бош Шарқ бўғма илони – жами 23 та илон ўзининг табиий яшаш ҳудудларига қайтарилди. 

Қайта тиклаш ишлари “Сурхон” давлат қўриқхонасининг Кампиртепа, Шержон ва Шолкон каби биологик хилма-хиллиги юқори бўлган ҳудудларида амалга оширилди. Бу реинтродукция ишлари Фанлар академияси мутахассислари томонидан олиб борилган илмий хулоса асосида амалга оширилди. 

Маълумот учун, Ўрта Осиё кобраси ва Шарқ бўғма илони – Ўзбекистон “Қизил китоби”га ҳамда CITESнинг II-иловасига киритилган ноёб ва заифга яқин турлар сирасига киради. Қизил китобдаги маълумотларга кўра, Ўрта Осиё кобраси айрим яшаш ҳудудларида аллақачон йўқ бўлиб кетган, қолганларида эса жуда кам учрайди. Шарқ бўғма илонининг эса умумий сони ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд эмас, аммо у ҳам табиатда камёб тур сифатида баҳоланади. 

Мазкур илонлар илгари Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги инспекторлари томонидан ўтказилган рейд чоғида фуқаролар томонидан ноқонуний сақланаётган ҳолатда аниқланиб, вақтинча Тошкент ҳайвонот боғига топширилган эди. Эндиликда улар илмий тавсиялар асосида яна табиат бағрига қайтарилди. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ худди шундай рейдлар давомида Тошкент вилоятида ҳам фуқаролардан ноқонуний сақланаётган илонлар аниқланганди. Бу эса ёввойи ҳайвонларни ноқонуний асраб туриш ҳолатлари ҳануз долзарб муаммо эканини кўрсатади. 

Табиат — бу ёввойи ҳаёт учун ягона муҳофаза қалқонидир. Ўсимликлар ва ҳайвонлар дунёсини сақлаб қолиш, уларни ноқонуний cақлаш ёки савдосига қарши курашиш нафақат давлат идораларининг, балки ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Сурхондарё вилоятида амалга оширилган бу каби амалий ишлар биологик хилма-хилликни асраб-авайлаш, муҳофаза остидаги турларни келажак авлодларга етказиш йўлида хизмат қилади.

 М.Эшмирзаева, ЎзА