Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
22 яшар йигит 10 йилга озодликдан маҳрум этилди
12:22 / 2024-10-28

Баҳорнинг салқин тунларидан бири. Пойтахт аҳолисининг аксарияти ширин уйқуда, аммо 22 ёшли йигит эса гиёҳванд моддани олиш учун “Кобальт” русумли автоуловга ўтириб шаҳар ташқарисига йўл олади.

Содиқ Ярашев (исми-фамилия ўзгартирилган) белгиланган жойдан “таблеткани” олаётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланади. Маълум бўлишича, у ижтимоий тармоқ орқали 2 нафар шериги билан “таблетка” савдоси билан шуғулланиш ҳақида ёзишган. Дастлаб 10 дона “таблетка”ни 7,5 АҚШ долларига сотган. У шунингдек, 1 грамм кучли таъсир қилувчи гиёҳванд моддани 60 долларга сотиши ҳақида билдириб, кучли таъсир қилувчи психотроп дори қўйилган манзилнинг локациясини ташлаган.

Суд экспертизаси хулосасига кўра, Содиқ Ярашевдан олинган дори воситалари кучли таъсир қилувчи гиёҳвандлик воситалари эканлиги тасдиқланган.

Содиқ Ярашев ўрта маълумотли бўлиб, вақтинча ишсиз бўлган. 22 яшар йигит муқаддам ўғрилик ва фирибгарлик учун жиноий жавобгарликка тортилган. Бироқ у тегишли хулоса чиқармаган экан. Бу гал у икки нафар шериги билан жиноят содир этган. Мазкур жиноий иш судда атрофлича кўриб чиқилди.

Судда судланувчи Содиқ Ярашев айбига иқрор бўлиб, қилган ишидан пушаймонлигини билдирди. Айтиш керакки, Содиқ бу дорилар олди-сотдиси қонунга биноан таъқиқланганлигини билса-да, даромад топиш мақсадида кучли таъсир қилувчи воситаларни қонунга хилоф равишда ўтказмоқчи бўлган. Бироқ Содиқнинг навбатдаги “ови” юришмади. Суд судланувчи Содиқ Ярашев содир этган жиноятни оғирлаштирувчи ҳолат, деб баҳолаб жазо тайинлади.

Суднинг ҳукми билан Содиқ Ярашев 10 йил муддатга, унинг 2 нафар шеригининг ҳар бири эса 4 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Қилмиши қора кимсалар ҳозирги кунда қамоқда жазо муддатини ўтамоқда.  

Айни ўйнаб-куладиган, ўқийдиган ва ишлайдиган даврда улар жазо муддатини ўтайди. Бир ҳунарни эгалламасдан, қонуний даромад топишни ўйламасдан, енгил-елпи ҳаётни орзу қилиш уларни шу куйга солди. Бу бошқаларга ҳам сабоқ бўлиши керак.

Баҳодир Қаюмов,

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг судьяси.