English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
22 та санаторий турдаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар фаолияти умуман қониқарсиз – Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги
17:27 / 2024-07-18

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари таълим-тарбия бериш ва даволаш-соғломлаштириш муассасалари ҳисобланади. Муассасалар алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг умумий ўрта таълим олиш ва уларни билиш имкониятларига мувофиқ тарбиялашда, уларнинг жамиятга мослашуви ва интеграциялашувида кўмаклашиш мақсадида ташкил этилади.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги мутасаддиларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан республикада мавжуд 22 та санаторий турдаги ихтисослаштирилган давлат таълим муассасасида ўқувчиларнинг соғлиғи холати, таълим жараёнининг ташкил этилиши, яратилган шароит ва имкониятлар, болаларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишда санитария-гигиена қоидалари ва меъёрлари талабларига жавоб бериш масалалари ўрганилди.  

Ўрганишлар давомида 10 та сколиоз касаллиги мавжуд болалар учун, 12 та сил ва сурункали нафас йўллари касалликлари хавфи мавжуд бўлган болалар учун мўлжалланган муассаса хатловдан ўтказилди.  Ишчи гуруҳга энг малакали шифокорлар жалб қилинган ва мана шу малакали шифокорлар томонидан ўрганишлар олиб борилганда болаларга қўйилган ташхислар ўз тасдиғини топмаган ҳамда  шифокор-фтизиатрлар томонидан даволашга муҳтож эмас деб хулоса берилган.

Қайд этиш лозимки, 22 та муассаса 6 минг  162 ўринга эга бўлиб, бугунги кунда  5  минг 120 нафар бола таълим билан қамраб олинган.  

Ўрганишларда ушбу муассасаларда таълим олаётган болаларнинг 96,6 фоизида махсус таълим ва тиббий ёрдамга муҳтож эмаслиги аниқланди.  Яъни, болаларнинг 96,6 фоизи соғлом. Улар умумтаълим мактабларида умумтаълим дастури бўйича таълим олиши имкони бор.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманидаги 6-сон мактаб-интернатида сколиоз 2-даражали ташхиси қўйилган бемор бола   тегишли йўлланма  асосида муассасага жойлаштирилган. Амалда ўрганилганда болада қад-қомат бузилиши ташхиси борлиги аниқланди. Айнан шу муассаса 276 нафар ўқувчига мўлжалланган бўлсада, 165 нафар ўқувчи таҳсил олади. Муассасада сколиоз 3-даража касаллиги бўлган бор-йўғи 3 нафар бола бор.  

Малумот  ўрнида таъкидлаш лозимки, мутахассислар ҳозирда қад-қомат бузилиши ташхиси мактабгача ва мактаб ёшдаги болаларда ҳамда ўсмирларда кўпроқ учрашини таъкидлаб ўтган. Ҳозирда ушбу ташхисга эга болалар сони кундан-кунга ўсиб бормоқда. Мазкур ташхис 0-2 ёшдаги болаларда 2 фоизни, 3-7 ёшдаги болаларда бу кўрсаткич 15-20 фоизни ташкил этади. 9-13 ёшдаги болаларнинг ҳар учтадан биттасида ушбу ташхис аниқланади. 14-17 ёшдаги болаларнинг 70 фоизи қад-қомат бузилиши ташхисига эга.

Таъкидланишича, 22 та муассасада даволаш ва соғломлаштириш ишлари умуман қониқарсиз ҳолатда бўлгани, физиотерапия, реабилитация жиҳозлари ва жисмоний-соғломлаштириш хоналари эскиргани, уқалаш хизматлари белгиланган талабларга жавоб бермаслиги,  шунингдек, яшаш ва ётоқхоналар ногиронлиги бўлганлар учун мослаштирилмаганлиги аниқланган. Жиҳозлар маънан эскирган. Муассасадаги тиббий ходимларнинг малакаси етарли эмас.  Шунингдек, санаторий туридаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатларга соғломлаштириш жараёнларига махсус ихтисосликка эга тиббий ходимлар жалб этилиб, тиббий ва реабилитация хизматини кўрсатиш бўйича тиббий ходимлар штатлари асоссиз ажратилган. Бухоро ва Хоразмдаги мактаблар айнан сколиоз касаллиги мавжуд болалар учун мослаштирилмаган. Тўсиқсиз муҳит яратилмаган.  

Мавжуд қонунчиликка асосан, санаторий туридаги ихтисослаштирилган таълим муассасасида болаларнинг таълим олиш муддати максимал 3 йил этиб белгиланган. Аммо Чиноз туманидаги 4-сон сил касалликлари учун мўлжалланган мактаб-интернатида 2022-2023 ўқув йилида йўлланма муддати тугаган бўлсада, 2023-2024 ўқув йилида ҳам болалар ўқишини давом эттираётган ҳолати аниқланган. Худди шундай ҳолатлар Сурхондарё вилояти Денов туманидаги 67 мактаб-интернатида ҳам мавжуд.

Болаларнинг ижтимоий ҳолати ўрганилганда кам таъминланган, шароити оғир, меҳнат миграциясига кетганлиги каби асосланмаган  сабаблар билан жойлаштирилган ҳолатлари ҳам аниқланди. Масалан, Сирдарё вилоятидаги 70-сон мактаб-интернатида 57 нафар бола шароити оғир деган асоссиз сабаб билан муассасага жойлаштирилган. Меҳрибонлик уйларини ноинституционаллаштириш пайтида борадиган жойи йўқ бўлган тарбияланувчилар Тошкент вилояти Чиноз туманидаги 4-сон сил ва сурункали нафас йўллари касалликлари хавфи мавжуд бўлган болалар учун мактаб интернатига жойлаштирилган.

Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, махаллий хокимликлар билан хамкорликда қуйидаги ишлар амалга оширилади.  Жумладан, жами 22 та санаторий туридаги ихтисослаштирилган мактаб-интернат умумтаълим мактабига айлантирилади.  Бунда санаторий турдаги ихтисослаштирилган мактаблар негизида ташкил этилаётган умумтаълим муассасаларида “куни узайтирилган гуруҳлар” ташкил этилади.

Алоҳида махсус шароитларда ўқиши талаб этиладиган ногиронлиги (сколиоз оғир даражаси) бор 42 нафар боланинг ота-оналари (қонуний вакиллари) хоҳишига кўра, “Инсон” марказларига аризалар киритилиши орқали Психологик-тиббий-педагогик-комиссия текширувидан ўтказилади.  Педагогик комиссия хулосасига асосан бола манфаатларини инобатга олиб, уларни тегишли таълим муассасаларига йўналтирилади.

Инклюзив синфлар ташкил қилинади ва алоҳида махсус шароитларда ўқиши талаб этиладиган 42 нафар бола мазкур инклюзив синфларга жалб этилади. Ушбу синфларга ёрдамчи педагог ходимлар ажратилади. Оғир вазиятдаги оилаларни ушбу вазиятдан чиқариш бўйича ишлаб чиқилган индивидуал ижтимоий ҳимоя режалари асосида туман (шаҳар) ҳокимлари, сектор раҳбарлари ҳамда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан ижтимоий ёрдам ва хизматлар кўрсатилади.  

Муҳайё Тошқораева,

ЎзА