Фармон ва ижро
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январда қабул қилинган “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонида «Инсон қадри учун» тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш, тадбиркорликни жадал ривожлантириш каби ислоҳотларнинг устувор йўналишлари белгилаб олинган.
Мазкур муҳим вазифаларга мувофиқ, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан 2022 йил биринчи ярим йиллигида салмоқли ишлар амалга оширилиб, катта натижаларга эришилди.
“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси Матбуот хизмати раҳбари Жамшид ШЕРМЕТОВ жорий йилнинг ўтган олти ойида бажарилган ишлар ҳақида ЎзА мухбирига интервью берди.
– Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ва унинг таркибидаги корхоналар фаолияти сарҳисобига эътибор қаратадиган бўлсак, бунда ишлаб чиқариш, инвестиция лойиҳалари ва маҳсулот экспорти бўйича ўсиш суратини кўришимиз мумкин, – деди Ж.Шерметов. – Таҳлиллар шуни кўрсатадики, 2022 йилнинг I ярим йиллигида соҳа бўйича жами 15,0 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш 108 фоизни ташкил этди. Бу жараёнда уюшма таркибидаги йирик саноат корхоналари томонидан 5,1 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди ва ўсиш ўтган йилга нисбатан 103,2 фоизни ташкил этди.
Хусусан, соҳа бўйича 6,8 миллион тонна цемент, уюшма бўйича эса 4,4 миллион тонна цемент, 15,1 миллион квадрат метр 2-мм ўлчамда қурилиш ойнаси, 7,4 миллион квадрат метр керамик плитка, 19,4 миллион квадрат метр гипсокартон, 74,9 минг тонна қуруқ қурилиш аралашмалари, 934 минг ўрам обой, 62,7 минг тонна оҳак, 86,1 минг тонна гипс каби қурилиш материаллари ишлаб чиқарилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ушбу йил 4 апрелдаги фармойиши билан 2022 йилда цемент ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш балансининг параметрлари тасдиқланган. Шунга асосан жорий йилда 16,4 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш ва шундан 9,5 миллион тоннасини биржа савдолари орқали сотиш белгиланган.
Жорий йилнинг ўтган I ярим йиллигида жами 6,8 миллион тонна цемент ишлаб чиқарилди. Ушбу даврда биржа савдоларида сотилган 3,6 миллион тонна цемент истеъмолчиларга етказиб берилган.
Инвестиция дастури ижроси бўйича натижаларга тўхталсам. Президентимизнинг 2021 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини тасдиқлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларини бошқаришнинг янги ёндашув ва механизмларини жорий этиш тўғрисида”ги қарори ижросига асосан уюшма бўйича хорижий инвестициялар ва кредитлар иштирокида умумий қиймати 495,7 миллион долларлик 21 та лойиҳа учун жорий йилда 172,7 миллион доллар ўзлаштириш белгиланган.
Ушбу лойиҳаларни молиялаштиришга 80,6 миллион доллар ташаббускорлар маблағи, 5,0 миллион доллар банк кредитлари ва 87,1 миллион доллар хорижий инвестиция ва кредитлар йўналтирилади.
Жорий йилнинг январь-июнь ойларида инвестиция лойиҳалари бўйича жами 79,9 миллион доллар инвестициялар ўзлаштирилди. Эътиборлиси, шу маблағнинг 46,5 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлардир.
Маҳсулот эскпорти ҳақида гап кетганда, ўтган ярим йилликда 287 миллион доллар миқдорида экспорт амалга оширилиб, белгиланган режа 123,3 фоизга бажарилди.
Қувонарлиси, қурилиш материаллари экспорти географияси анъанавий ҳисобланган бозорлар, яъни Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистондан ташқари Афғонистон, Озарбайжон, Туркия, Россия, Украина, Хитой, Индонезия, Грузия давлатлари ҳисобига янада кенгайтирилди.
ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА
ёзиб олди.