“Оммавий диктант” саводхонлик акцияси
Бухорода “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят Кенгаши ҳамда Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида Бухоро давлат педагогика институти Ҳарбий таълим факультети талабалари иштирокида “Оммавий диктант” саводхонлик акцияси ташкил этилди.


Унда нафақат талабаларнинг имловий саводхонлигини синовдан ўтказиш, балки ўзбек тилининг жамиятдаги нуфузини мустаҳкамлаш, унинг адабий меъёрларини чуқур англашга бўлган интилишни кучайтиришга қаратилди. Акцияда 400 нафардан ортиқ талаба иштирок этди.

Диктант матни Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг Бухоро ҳудудий бўлинмаси раҳбари, филология фанлари доктори, профессор Бибиш Жўраева томонидан ўқилди. У тадбир иштирокчиларига муваффақиятлар тилаб, акциянинг мазмун-моҳияти, тил маданияти ва саводхонликни оширишдаги ўрни ҳақида тушунчалар берди.

– “Оммавий диктант” – бу нафақат ёзма саводхонликни синовдан ўтказиш, балки она тилимизнинг маданий, илмий ва ижтимоий аҳамиятини юксалтиришга хизмат қилувчи кенг кўламли ҳаракат. Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқеи, унинг ҳуқуқий асослари ва ушбу тилни асраб-авайлаш борасида фуқаролик бурчимиз. Тилимизни эъзозлаш, услуб ва қоидаларига қатъий амал қилиш ҳар биримизнинг ватанпарварлик бурчимиздир, – дейди вилоят Кенгаши депутатлигига “Миллий тикланиш” демократик партиясидан сайланган депутат, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Бухоро вилояти минтақавий вакили Абира Хусейнова.

Диктантни бехато ёзиб, яхши натижа кўрсатган талабалар соҳа мутахассисларининг холис баҳолари натижасида аниқланиб, ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.
“Оммавий диктант” акцияси ўзбек тилининг жозибадорлиги, бой ва теран мазмунини англаш, уни тўғри ёзиш ва ифодалаш борасидаги кўникмаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, ёшларда она тилига бўлган ғурур ва меҳр туйғуларини шакллантириш йўлида муҳим қадамлардан бири бўлиб хизмат қилди.
Зариф Комилов, ЎзА