Сир эмаски, биз интернет замонида яшаяпмиз. Бу исталган пайтда дунёнинг исталган нуқтаси ҳақида хабар топиш имконини бермоқда. Аммо 10-20 йил илгари бунда телевидение асосий ўрин тутган. Албатта, бугун ҳам телевидение ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Бироқ ижтимоий тармоқларнинг шиддатли оқими билан қанчалик рақобат қила оляпти, деган савол муҳим бўлиб қолмоқда.
Тадқиқотларга кўра, бугун инсонларнинг диққатини жамлаш тобора мушкуллашиб бормоқда. Олимларнинг фикрича, бу жараён максимал 10-15 дақиқагача етмоқда, холос. Бу ҳам жуда кам учрайдиган ҳолат. Шундай экан, томошабин эътиборини жалб қилиш бевосита телевидениега ҳам бирмунча мураккабликлар келтириб чиқараётгани табиий. Қолаверса, бугунги кун кишилари тармоқлардаги қисқа роликларга муккасидан кетиб бормоқда. Гарчанд, бунинг салбий оқибатларга олиб келишини мутахассислар бот-бот таъкидлашаётган бўлишса-да, ҳали қониқарли натижага эришилган эмас.
Масаланинг долзарблиги шундаки, телевидение ҳам ижтимоий тармоқлар элементларини ўз фаолиятига олиб кираётгандай. Бунинг ҳам афзалликлари бор, албатта. Аммо ёндашув бироз эътирозларга сабаб бўлмоқда. Чунки телевидение савия масаласида барчага ўрнак бўлмоғи лозим.
21 ноябрь – Бутунжаҳон телевидение куни сифатида нишонланади. 1996 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотида 1-Бутунжаҳон телевизион форумини ўтказиш учун 21 ноябрь танланган. Бундан кўзланган мақсад телевидениенинг жамиятдаги аҳамиятини яна-да кенгроқ татбиқ этишдан иборат бўлган. Шунинг учун ҳам биз юқорида савия борасида телевидениени эътироф этдик. Бунга эса малакали мутахассисларнинг малакали дастурлари билан эришилади. Негаки, таниқли санъаткор Фарҳод Саидов айтганидек: “Бугун ҳамманинг қўлида кичик телевизори бор”.
Бугунги кунда юртимизда телеканаллар сони бурунгидан анча кўп. Бу ҳам бир ривожланиш аслида. Фақат энди уларда таъкидлаганимиздек кучли журналистлар ва улар етиштирган шогирдлар фаолият олиб боришлари талаб этилади. Шундагина ёшлар ва тажриба мутаносиблиги соҳанинг барча жабҳада ривож топишига сабаб бўлиши мумкин. Негаки, бугун техник имкониятлар натижасида учта одамнинг вазифасини бир киши ҳам уддалаши мумкин. Тележурналистлар ҳам бундан унумли фойдаланиб, жойлардан жонли репортажлар тайёрлашни бошлашса, ижтимоий тармоқда саҳифа юритувчилар билан яхшигина рақобат ҳосил қиладилар. Бунда бот-бот такрорлаётганимиз савия масаласи ўртага чиқиб, телевидение интернетдан бир бош устун бўлиб қолаверади.
Шербек Исломов, ЎзА