Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
21 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин озод қилинди
09:37 / 2022-05-18

Тошкент шаҳар суди томонидан “Менинг маҳаллам — менинг судьям” шиори остида мунтазам равишда жойларда сайёр учрашув ва қабуллар ўтказилмоқда.

Бу каби тадбирлар ҳуқуқий кўмакка муҳтож фуқаролар учун айни муддао бўлмоқда. Боиси сайёр қабуллар фуқароларнинг овора бўлишининг олдини олибгина қолмай, вақти ва маблағи тежалишига, муаммолар жойида ечим топишига хизмат қилаётир.     

Тошкент шаҳар суди томонидан ташкил қилинган навбатдаги сайёр қабул  Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманлари аҳолиси учун ўтказилди.  

– Юнусобод туманидаги “Мирзо Улуғбек” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтган сайёр қабулда Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Хўжақулов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосарлари, Юнусобод ва Мирзо Улуғбек тумани ва туманлараро суди раислари ва судьялари фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилди, – деди Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати раҳбари Садоқат Аллаберганова. – Сайёр қабулда жами 46 нафар фуқаронинг мурожаатлари кўриб чиқилди.  

Уларнинг 26 нафари жиноят, 17 нафари фуқаролик, 3 нафари маъмурий ҳуқуқбузарликка оид мурожаатлар билан келган. Шундан 25 нафар фуқаронинг оғзаки ҳамда 21 нафарининг ёзма мурожаатлари қабул қилинди. 

Мурожаатлар бўйича асосан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Бир нафар мурожаатчининг судланганлик ҳолати олиб ташланди, 23 мурожаат жойида ижобий ҳал этилди.  

Шу жараёнда сайёр суд ҳам бўлиб ўтди. Унда 21 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин озод қилинди. 

Хусусан, жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди раиси Шуҳрат Бакаев раислигида 47 ёшли маҳкумнинг иши кўриб чиқилди. Унга 2020 йил ҳужжат сохталаштириш жинояти бўйича 2 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. 

– Ҳозирда менга тайинланган озодликни чеклаш жазосининг 1/3-қисмидан ортиқ қисмини ўтаганлигимни инобатга олиб, Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан мени жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилишингизни сўрайман, – дея қилмишидан пушаймонлигини, қайтиб бундай хатоларга йўл қўймаслигини билдирди маҳкум.  

Суд, иш ҳужжатларини ва тақдимномани атрофлича ўрганиб чиқиб, туман прокурори ёрдамчисининг фикрини тинглаб, маҳкум жазонинг учдан бир қисмидан ортиқ, яъни озодликни чеклаш жазосининг 1 йил 14 кун муддатини ўтаганлиги, чин кўнгилдан пушаймонлиги эътиборга олинган ҳолда уни жазонинг ўталмаган қисмидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилишни лозим, деб топди.  

2022 йилнинг 1-чораги давомида Тошкент шаҳар судининг раиси ва туман суди раислари ҳамда судьялари томонидан шахсий ва сайёр қабулларидан 278 фуқаронинг ариза, таклиф ва мурожаатлари қабул қилинган. Шундан 98 таси ёзма тарзда, 180 таси оғзаки равишда мурожаат қилган. Мурожаатларнинг 10 таси ёки 3,5 фоиз қаноатлантирилган, 268 таси ёки 96,5 фоиз ҳуқуқий тушунтириш берилган. 

ЎзА