Қонун ҳужжатлари ҳам баъзан коррупцияга имконият яратади.
Адлия вазирлиги томонидан қурилиш, соғлиқни сақлаш, олий таълим ва давлат харидлари соҳаларига оид қонунчилик ҳужжатлари коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилганда 226 ҳужжатнинг 75 тасида (33 фоизи) 302 та коррупциявий омиллар мавжудлиги аниқланган.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 22 октябрдаги “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ушбу йўналишдаги ишлар кучайтирилмоқда.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни “коррупциядан ҳоли қонунчилик” тамойили асосида ишлаб чиқиш тартиби жорий этилди.
Адлия вазирлиги томонидан Президенти қарори ижроси юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз юритилди.
Тадбирда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш тизимини комплекс такомиллаштириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этиш сабаб ва омилларини аниқлаш ҳамда бартараф этиш, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Шу билан бирга, ҳуқуқни қўллаш амалиёти қонунчилик ҳужжатларида коррупцияга шароит яратувчи нормаларни аниқлаш ва бартараф этиш тизимининг сифати ва самарадорлигини ошириш чораларини кўришни тақозо этмоқда.
Шу боис амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар босқичма-босқич тўлиқ коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилади. Бу жараёнга жамоатчилик, илмий ташкилотлар ва мустақил экспертлар кенг жалб қилинади.
Қарор асосида кейинги беш давомида қабул қилинган барча норматив ҳуқуқий-ҳужжатлар комплекс тарзда коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилади. Яъни, 2022-2026 йиллар давомида амалдаги 21 мингдан ортиқ қонунчилик ҳужжати тўлиқ коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилади.
Қурилиш, соғлиқни сақлаш, олий таълим ва давлат харидлари соҳаларига оид амалдаги қонунчилик ҳужжатларида аниқланган 302 та коррупциявий омиллар бартараф этилади.
Илмий ташкилотлар ва олий таълим муассасалари вакиллари ҳамда жисмоний шахслар, яъни мустақил экспертларга қонунчилик ҳужжатлари ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши илмий ва мустақил экспертизадан ўтказиш ҳуқуқи берилди.
Ҳар йили давлат органлари ва ташкилотларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш фаолияти баҳоланади.
Адлия вазирлиги коррупцияга қарши экспертиза бўйича давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва услубий ёрдам кўрсатиш ҳамда ўқувлар ташкил этишни амалга оширади.
Бундан ташқари, фуқаролардан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этиш имкониятини яратадиган, коррупцияга сабаб бўладиган омиллар мавжудлиги ҳақидаги таклифларни бевосита қабул қилишга мўлжалланган “аdliya_korrupsiyasizqonun_bot” телеграм боти ишга туширилганлиги таъкидлаб ўтилди.
Мазкур телеграм бот орқали аҳоли амалдаги қонунчилик ҳужжатларидаги коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этиш имкониятини яратадиган нормалар, бюрократик тўсиқлар ва асоссиз харажатларга олиб келувчи нормалар ва уларни бартараф этиш бўйича таклифларни Адлия вазирлигига юбориш имкониятига эга бўлди.
Адлия, Молия, Қурилиш, Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар, матбуот вакиллари ва ташаббускор фуқаролар иштирок этган тадбирда ўртага ташланган саволларга жавоб берилди.
Н.Абдураимова, ЎзА