Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
207 та мурожаатга жойида ечим топилди
16:53 / 2026-02-11

Навоий вилояти Кармана тумани Маданият марказида аҳоли билан очиқ мулоқот, муаммоларни жойида ҳал этиш мақсадида навбатдаги оммавий қабул бўлиб ўтди.

Унда туман ҳокими Шоҳруҳ Болтаев бошчилигида туман прокурори Зокиржон Барноев, туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Азиз Икромов ҳамда туман солиқ инспекцияси раҳбари Алишер Ахмедов иштирок этди.

Қабул давомида туманда истиқомат қилаётган фуқаролардан келиб тушган жами 207 та мурожаат кўриб чиқилди. Ҳар бир мурожаат алоҳида масъулият билан ўрганилиб, фуқароларнинг дарди ва таклифлари диққат билан тингланди. Муҳими, бирорта мурожаат эътиборсиз қолдирилмади.

Фуқаролар асосан бандлик ва ишга жойлашиш, ижтимоий ҳимоя ҳамда нафақалар, уй-жой, коммунал хизматлар, ҳуқуқий муаммолар, тадбиркорликни йўлга қўйиш ва ички ишлар соҳасига оид масалалар бўйича мурожаат қилди. Масъуллар кўплаб мурожаатларни шу жойнинг ўзида ҳал этиб, аҳолига атрофлича тушунтириш берди.

– Бир неча йиллардан буён уйимизнинг томини ёпишга қийналардик, – дейди Катта мачит маҳалласида яшовчи Мухар Шарипова. – Бугунги қабулни эшитиб, ҳокимимиздан ёрдам сўраб келдим. Оилавий шароитимизни тушунтирдим. Мурожаатим инобатга олиниб, жойида ҳал этилганидан хурсанд бўлдим. Уйимиз шифер билан ёпилиб, қайта таъмирланадиган бўлди. Мутасаддиларга раҳмат. 

– Турмуш ўртоғим бир неча йиллардан буён онкологик касалликлар билан курашиб келади, – дейди Кумушкон маҳалласида истиқомат қилувчи Машҳура Болтаева. – Қабулда турмуш ўртоғимни даволатиш учун моддий ёрдам сўрадим. Мурожаатим бўйича ёрдам берадиган бўлишди. Шунингдек, уйимиз томини ёпиш учун 50 дона шифер берилди. 

Қабулда қўшимча ўрганиш талаб этилган мурожаатлар бўйича эса аниқ муддатлар белгилаб берилди. Тегишли идора ва ташкилотларга масъул ижрочилар бириктирилиб, ижро жараёни қатъий назоратга олинди. Бу эса мурожаатларнинг қоғозда қолиб кетмасдан, амалий ечим топишига хизмат қилади.

А. Бўриев, ЎзА мухбири