Ўзбекистон Республикаси Президенти “Аҳолини уй-жой билан таъминлаш ишларини жадаллаштириш ва кўп квартирали уйлар қурилишини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Унга мувофиқ, қуйидагилар ушбу Фармоннинг асосий мақсадлари этиб белгиланди:
а) уй-жой қурилишини рағбатлантириш ва уй-жойга бўлган ҳуқуқни амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратишга доир конституциявий норма талабларини бажариш;
б) кўп квартирали уйлар бозорида талабга мувофиқ таклифларни мутаносиб равишда ошириб бориш;
в) кўп квартирали уйлар қурилишида ер ажратиш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари жараёнларини ўз ичига олувчи инвестиция-қурилиш даврининг давомийлигини 1,5 бараваргача қисқартириш;
г) кўп квартирали уйлар қурилишида реновация ҳисобига қуриладиган хонадонлар улушини 15 фоиздан 2040 йилга қадар босқичма-босқич 60 фоизгача етказиш.
Фармон билан:
а) 2040 йилгача кўп квартирали уйларни фойдаланишга топширишнинг мақсадли кўрсаткичлари;
б) 2026-2028 йилларда кўп квартирали уйларни фойдаланишга топширишнинг мақсадли кўрсаткичлари;
в) 2040 йилгача бўлган даврда урбанизация жараёнлари билан узвий боғлиқ ҳолда "Янги Ўзбекистон" массивлари барпо этиладиган ҳудудлар рўйхати;
г) 2026 йилда "Янги Ўзбекистон" массивлари манзилли рўйхати ва улардаги кўп квартирали уйларнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.
Фармонга кўра:
а) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳар йили 1 октябрга қадар ўз ҳудудлари кесимида истиқболли қурилиш ҳажмлари, аҳоли ўсиши, уй-жойга бўлган эҳтиёж, муҳандислик ва транспорт инфратузилмаси ҳолати бўйича маълумотларни таҳлил қилган ҳолда кўп квартирали уйлар қуриш бўйича таклифларни ишлаб чиқиб, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига тақдим этади;
б) Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ҳар йили 15 ноябрга қадар уй-жой қурилишига оид стратегик йўналишлар ва соҳавий таҳлиллар асосида молиявий манбаларига аниқлик киритган ҳолда республикада кўп квартирали уйларни фойдаланишга топширишнинг мақсадли кўрсаткичлари лойиҳасини Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишиб, Вазирлар Маҳкамасига киритади;
в) Вазирлар Маҳкамаси ҳар йили 1 декабрга қадар Уй-жой дастури лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритади;
г) тасдиқланган Уй-жой дастурига, шу жумладан, мазкур Фармонга мувофиқ бир ой ичида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан намунавий шаклда келгуси уч йил учун туманлар ва шаҳарлар кесимида кўп квартирали уйлар қуришнинг манзилли рўйхати тасдиқланади ва расмий веб-саҳифаларида эълон қилинади;
д) Манзилли рўйхатга объектлар биринчи йил учун аниқ лойиҳалар, иккинчи ва учинчи йиллар учун истиқболли лойиҳалар шаклида номма-ном киритилади.
ЎзА