Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2030 йилгача яшил энергия улуши 54 фоизга етказилади
17:54 / 2025-12-11

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Ж.Мирзамаҳмудовнинг “Энергия таъминоти барқарорлигини таъминлаш, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда жадал суръатларда ўсиб бораётган иқтисодиётимиз ва аҳолининг талаб ҳамда эҳтиёжидан келиб чиқиб, энергетика тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда энергетика тизимига 35 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинди ва 9 минг мегаватт янги қувватлар ишга туширилди.

Натижада электр ишлаб чиқариш ҳажми 2017 йилдаги 60 миллиард киловатт-соатдан жорий йилда 85 миллиард киловатт-соатга етди. Эътиборли жиҳати, салкам 5 минг мегаваттли қуёш ва шамол, 400 мегаваттли гидроэлектр станциялар ишга туширилди. Хусусий сектор томонидан қуёш панелларини ўрнатиш натижасида 2 миллиард киловатт-соат электр энергияси олинган.

Вазир айтиб ўтганидек, бугунги кунда қувватларнинг қарийб 31 фоизи қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобига тўғри келади. 2030 йилгача яшил энергия улушини 54 фоизга етказиш кўзда тутилган. Бу борада қатор чоралар амалга оширилмоқда.

Хусусан, жорий йил январь-ноябрь ойлари давомида ёқилғи энергетика тармоғида жами 8,8 миллиард доллар хорижий инвестициялар, шундан электр энергетикаси бўйича 6,3 миллиард доллар, яшил энергия лойиҳалари бўйича 4,7 миллиард доллар, нефть-газ соҳаси бўйича 2,5 миллиард доллар ўзлаштирилган.

Шу билан бирга, 2025 йилда умумий қиймати 40,5 млрд. долларлик 58 та йирик лойиҳа ишга туширилиши белгиланган. Улардан жами қуввати 1 413 МВт бўлган 5 та қуёш электр станцияси, қуввати 752 МВт бўлган 4 та шамол электр станцияси, қуввати 168 МВт бўлган 6 та гидроэлектр станцияси, қуввати 1167,3 МВт бўлган 3 та иссиқлик электр станцияси, қуввати 1 минг 147 МВт бўлган 9 та энергия сақлаш қурилмаси ишга туширилади.

Куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида ҳудудларда жами 787 км магистрал, 29,5 минг км тақсимловчи тармоқлар, 9 та магистрал подстанциядаги трансформатор, 10 минг 270 та трансформатор пункти мукаммал таъмирланди. Шу жумладан, Тошкент шаҳри бўйича жами 863,1 км. тақсимловчи тармоқлар, 1 та магистрал подстанциядаги трансформатор, 670 та трансформатор пункти мукаммал таъмирланди. Бундан ташқари, 7,5 минг км. электр тармоқлари, 1 минг 748 та трансформатор пункти реконструкция ва модернизация қилинди.

Қайд этилганидек, республика бўйича 279 та авариявий бригадалар ташкил этилиб, улар учун 224 та автотранспорт, 279 та махсус техника бириктирилган. Шунингдек, 3 591,4 км. қувурларнинг ички сирти тозаланди, 91 та компрессор станциясидаги газ ҳайдаш агрегатлари таъмирланди.

Истеъмолчиларнинг газ таъминотини яхшилаш мақсадида 553,1 км. тармоқлар, 971 та газ тақсимлаш пункти мукаммал таъмирланди, 50 минг 195 та газ тақсимлаш пунктлари техник тафтишдан ўтказилди.

Шунингдек, эшитувда аҳоли ва тармоқларни куз-қиш мавсумида узлуксиз энергия билан таъминлаш, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА