Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2030 йилгача Самарқанд шаҳрида иккита замонавий IT-Park қурилади
19:55 / 2025-12-17

Бу ҳақда Рақамли технологиялар вазирлиги Самарқанд вилоят ҳудудий шуъбаси бошлиғи Дилмурод Хўжамбердиев иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

– Бугун ҳаётимизда замонавий ахборот технологияларининг аҳамияти ошиб бормоқда, – дейди Д.Хўжамбердиев. – Бугун ҳеч бир соҳа ва ёки тармоқ йўқки IT кириб бормаган бўлса. Шунинг учун ҳам мазкур соҳада хизмат ҳажми йил сайин ошиб бормоқда. Биргина жорий йил якуни билан вилоятда алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари ҳажми 2 триллион 700 миллиард сўмга, IT-Park резидентлари томонидан кўрсатилган экспорт хизматлари ҳажми 18 миллион долларга етиши кутилмоқда. Бу сўнгги уч йилда соҳада кўрсатилган хизматлар икки баравардан зиёд ошганини кўрсатади.  

Бу натижаларга соҳа субъектларига солиқ ва молиявий имтиёзлар берилиши, IT-Park резидентлари 2030 йилгача фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи ва ижтимоий солиқлардан озод этилгани, шунингдек, “Ягона дарча” тизими орқали лицензиялаш ва резидентлик олиш осонлаштирилгани туфайли эришилмоқда.  

Бугунги кунда вилоятда “Бир миллион дастурчи” онлайн IT таълим платформаси жорий этилган бўлиб, “IT Academy”, “Astrum IT Academy”, IT Park академиялари, “21-school”, “Беш миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳалари ҳаётга татбиқ этилмоқда. Нуробод ва Қўшработ туманларида IT-шаҳарчалар ташкил этилган. Бу ва бошқа ўқув марказларда ҳар йили 100 мингга яқин ёшлар IT соҳасида бепул ўқитилмоқда.  

Экспорт ва халқаро бозорга чиқиш имкониятларини ошириш ҳамда хорижий буюртмаларни жалб этиш учун Германия, АҚШ, Корея, Саудия Арабистони, Япония ва Хитой давлатларида IT-Park вакилликлари ташкил этилган.

Матбуот анжуманида 2030 йилга қадар 300 минг нафардан зиёд аҳоли ва ёшлар сунъий интеллект, рақамлаштириш, дастурлаш ва бошқа йўналишларда ўқитилиши режалаштирилгани айтилди. ТАТУ Самарқанд филиалида сунъий интеллект бўйича ўқув лабораторияси ташкил этилади, Самарқанд шаҳрида иккита замонавий IT-Park қурилади. Бунинг учун “School-21” рақамли технологиялар мактаби ҳудудидан ер майдони ажратилган бўлиб, 2026 йилда қурилиш ишлари бошланади. Шаҳарнинг Қорасув массивида ажратилган 80 сотих ер майдонида эса Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда ёшлар технопарки қурилади.  

Бундан ташқари 2026 йилда “Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари” лойиҳасини ишга тушириш ва 2030 йилга қадар 25 минг нафардан зиёд ёшларни бепул ахборот технологиялари ва хорижий тилларга ўқитиш кўзда тутилган.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари