Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2030 йилгача қайта тикланадиган энергиядан фойдаланиш кўлами 30 фоиз ошади
10:04 / 2022-10-06

Жорий йил 6-13 октябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган дзюдо бўйича жаҳон чемпионати доирасида Халқаро иқтисодий форум ташкил этилди.

Анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев, Халқаро дзюдо федерацияси президенти Мариус Визер, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов, вазирлик, идоралар, шунингдек дипломатик ваколатхоналар, федерациялар, иттифоқлар, турли мамлакатларнинг дзюдо бўйича конфедерациялари вакиллари, халқаро ташкилотлар ва халқаро молия институтлари вакиллари нинг бошқа вакиллари иштирок этди.

Тадбир кун тартибидан банк, молия, технология ва IT соҳасидаги тенденциялар, мамлакатимизга сармоя киритиш масалалари муҳокамаси асосий ўрин эгаллади.

Ж.Хўжаев муқобил энергия билан боғлиқ истиқболли йўналишлар хусусида сўз юритиб, Ўзбекистонда 2030 йилга келиб қайта тикланадиган энергиядан фойдаланиш кўламини қарийб 30 фоиз ошириш режалаштирилаётганини қайд этди.

Иштирокчилар эътибори бутун дунёда жадал ривожланаётган рақамли технологияларга қаратилди. Таъкидланишича, бу соҳада муайян мамлакатнинг рақобатбардошлиги инновацияларга, тўғридан-тўғри ахборот технологиялари жорий этилишига боғлиқ. Шунинг учун мамлакатимизда устувор мақсадлардан бири сифатида рақамли иқтисодиётни тараққиётнинг асосий драйвери сифатида ривожлантириш белгилаб олинган.

Келгуси беш йилда дастурий маҳсулот экспортини ўн баробар, рақамлаштириш тезлигини 70 фоиз ошириш, тегишли тармоқ қувватларини эса беш марта кўпайтириш режалаштирилаётгани билдирилди. Бунинг натижасида рақамли технологиялар тармоғининг ЯИМдаги улушини 4 фоизга етказиш режалаштирилган.

Шу билан бирга форум доирасида В2В ва В2G учрашувлари ҳам бўлиб ўтди, “I-Cell” компанияси ва Ўзбекистон Республикаси Автомобил йўллари қўмитаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
 

Г.Сатторова,
ЎзА